Intel «учар автомобил»ни намойиш қилди (видео)

Intel «учар автомобил»ни намойиш қилди (видео)

Компаниянинг маълумот беришича, Volocopter учувчисиз транспорти 2 пассажирни ҳавога кўтариб чиқа олади.

Бу восита мустақил ҳаракатланувчи такси мисоли. У қувватини ўзидаги батареядан олади, уни ҳавога олиб чиқишга 18 ротор (айланадиган паррак қисми) двигател масъул. Учувчисиз транспортни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилар экан, Intel бош директори Брайан Кржанич шундай деди: «Тасаввур қилинг, сиз смартфонингиздаги керакли иловани шундоқ очасиз-да, ҳаво таксисига буюртма берасиз ва зарур манзилга тез, осон етиб оласиз. Келажак сиз кутгандан кўра жуда ҳам яқин».

Volocopter воситасини яратиш аслида 2012 йилдан бери фаолият юритиб келаётган германиялик компания томонидан илгари сурилган. Бу компания илк йўловчи ташишга мўлжалланган дронни 2013 йилда намойиш қилган. Intel ўша йилиёқ лойиҳани харид қилган.

Volocopter'да ўрнатилган 4 та гиростабилизатор (IMU) парвоз жараёнида дроннинг ҳолатини қайд қилиб боради. Унинг қувватлаш тизими 9 та алоҳида бўлмадан иборат. Уларнинг ҳар бири 2 тадан роторни электр билан таъминлайди. Бу эса аккумуляторлардан бири қувватсизланган тақдирда ҳам, парвозни давом эттириш учун айни муддао.

Маълумотларга кўра, ҳозирча бу каби дронлар 30 дақиқа уча олади. Бу давр ичида 30 чақирим масфони босиб ўтиш мумкин. Бу ҳозирча рекорд натижа.

Volocopter'даги 2 та навигацион тизим қурилманинг парвоз чоғидаги хавфсизлигини назорат қилади. Ўзига хос жиҳати шундаки, бу волокоптерда ҳар эҳтиомлга қарши, баллистик парашют мавжуд. Бу эса йўловчиларни ерга соғ-омон қайтишлари учун ишончли кафолат дегани.

Ҳозирча АҚШ Федерал фуқаролик авиацияси мазкур турдаги йўловчи дронларга учишга рухсат бермаган. Бошқа давлатларда ҳам бу технология қонунийлаштирилмаган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.