Интервью: Facebook’да ишлайдиган ўзбекистонлик Азиз Муртазаев билан суҳбат

Интервью: Facebook’да ишлайдиган ўзбекистонлик Азиз Муртазаев билан суҳбат

Аввал хабар берганимиздек қорақалпоғистонлик Азиз Муртазаев Facebook’да иш бошлади. Қозоғистонлик видеоблогерлардан бири Facebook’да ишлайдиган қорақалпоғистонлик Азиз Муртазоев билан интервью қилиб, суҳбат видеосини YouTube’га жойлаштирди ва у бир зумда машҳур бўлиб кетди.   “Likeit.uz” нашри эса Азиз Муртазоев билан қизиқарли интервью уюштирди.

Қачондан бери Facebook’да ишлайсиз?

— Facebook билан энг биринчи контакт 2014 йил, сентабрда бўлган ва суҳбатлар 2015 йил, февралгача давом этган. Facebook’нинг Лондон офисида 2015 йил, 14-сентябрда иш бошлаганман.

Facebook’нинг қаердаги офиси ёки офисларида, қайси лавозим ёки лавозимларда фаолият олиб борасиз, боргансиз?

— Ҳамма суҳбатлардан муваффақиятли ўтиб бўлгандан кейин Калифорниядаги бош офисига (Менло Парк) ишга таклиф қилишди. Facebook’нинг Америкадаги офисида ишлаш учун иш визасини (H1B) олиш талаб қилинар эди. Бу виза турини олиш жудаям қийин, чунки қанча одам топширишидан қатъий назар йилига фақат 65 000 дона виза берилади.

Мен ҳам шундай виза олмоқчи бўлган йилда 233 000 киши топширган ва лотерея асосида 65 000 киши танлаб олинган.

Мен виза олганлар таркибида бўлмаганман, лекин яхши ҳамки, алтернатив вариант бор эди.

Facebook ишга таклиф қилганида, “Агар Америкага виза берилмаса, Facebook’нинг Лондондаги офисида ишлашингиз мумкин бўлади”, деб айтилган эди. Шундай қилиб, 2015 йилнинг сентябридан бошлаб Лондондаги офисида ишлай бошладим.

Facebook’га Андроид операцион тизимида ишлайдиган дастурчи-муҳандис бўлиб ишга кирдим.

Энг қизиғи Facebook’да муҳандислар бир-бирининг лавозимларини билмайди. Яъни системада бошқа ишчининг лавозимини билиш мумкин эмас ва ишчи фақат ўз лавозимини кўра олади.

Facebook’нинг иш маданиятига кўра, ҳар хил лавозим — катта муҳандис, кичик муҳандис кабилар ходимлар орасида муомалага сунъий тўсиқ ясайди, деб ҳисобланади. 5 йиллик иш тажрибаси бор муҳандис билан университетни энди тугатиб, ишга кирган муҳандислар бир хил имкониятларга эга.

14273354_10210779019935526_1297680832_o

Facebook’да иш бошлашингиз қандай бўлган?

— Facebook’га кирган ҳамма ишчилар “Bootcamp” деб номланган тренинг дастурини ўтиб бўлиб иш бошлайди.

Bootcamp — бу 5-6 ҳафталик дастур бўлиб, ишчилар Facebook’нинг ҳамма технологиялари билан танишиб чиқади ва дастур охирида ишчилар исталган жамоасида иш бошлашга тайёр бўлади.

Facebook’ни бошқа компаниялардан ажратиб турадиган нарсаси — ишчилар иш бошлаганининг биринчи ҳафтасидаёқ Facebook веб-дастурига ўзгартиришлар киритиши мумкин.

Мен энг биринчи “commit” — системага ўзгартириш киритиладиган кодни иш бошлаганимга 5 кун бўлганида қилганман ва бундай ҳолат кенг тарқалган.

Бошланғич 3 ҳафтада, Лондонда Facebook’нинг асосий технологиялари ҳақида курслар бўлди ва осон/ўртача топшириқлар устида ишладик.

Ундан кейин 2 ҳафта Калифорниядаги бош офисда тренингни давом эттирдик ва бу сафар ҳар ким ўз йўналиши бўйича курсларни давом этди.

Мен Андроид дастурчи бўлиб ишга олинганимдан кейин, шу операцион тизим бўйича курсларни ўтдим ва Андроид бўйича топшириқларни қилдим.

Facebook’нинг Андроид мобил иловасида оддий дастурлашда ишлатиладиган технологиялардан анча фарқли технологиялар ишлатилади. Чунки Facebook’нинг Андроид иловаси стандарт Андроид иловасига нисбатан анча катта илова ҳисобланади ва стандарт ёндашувлар Facebook миқёсида ишламайди.

Калифорниядан қайтиб келгандан кейин жамоа танлаш билан шуғулландик. Жамоани ишчилар ўзлари ўз қизиқишига қараб танлашади.

Муҳандислар керак жамоалар ўз фаолияти ҳақида ички веб-сайтда эълон қилиб қўяди ва қандай муҳандис кераклигини кўрсатиб ўтади (масалан, iOS, Android, generalist).

Bootcamp’ни битирганлар уларга қизиққан жамоалар етакчилари билан суҳбатлар қилиб, жамоада қилинадиган иш муҳандис қизиқишига қанчалик тўғри келиши, келмаслигини билиб олиши мумкин.

Одатда ишга киргандан кейин 5-8 ҳафтада муҳандислар ўз жамоасини топиб олади.

14341735_10210779014735396_603324103_n

Ишга кириш суҳбати қандай ўтган?

— Менда ишга кириш жараёни уч босқичли суҳбатдан иборат бўлган. Суҳбатларнинг энг бошидаги танишув суҳбатидан ташқари ҳаммасини Facebook’нинг муҳандислари олиб борган.

Энг биринчи суҳбат онлайн — Skype орқали бўлган. Онлайн суҳбат бир соат давом этган ва унда илк 10-15 дақиқа олдинги иш тажрибам ҳақида ва кейин Андроид бўйича техник саволлар берилган.

Ундан кейин асосий қисмига ўтдик ва берилган алгоритмик масалани 30-40 дақиқа давомида ҳал қилдим. Яъни интервью ўтказаётган киши ва мен кўра оладиган онлайн-документ очилади, шунда мен берилган масалани ечимини кодини ёзишим керак.

Интервьюда код ёзиш, компьютерда код ёзишдан анча фарқ қилади, чунки компьютерда код ёзганда дастурлаш муҳитини ҳар хил қулайликларидан фойдаланиш мумкин.

Шунинг учун ҳам интервьюга тайёрланганда алгоритмик масалаларни ечимини қоғозда ечиб ҳам ўрганиш керак.

Бошида масалани қандай йўл билан ечмоқчилигимни оғзаки тушунтириб бердим ва ечимининг кодини ёзишга ўтдим.

Кодни ёзишда интервью қабул қилаётган киши нафақат охирги натижасига қарайди, балки код ёзиш жараёнига ҳам эътибор беради.

Бу ерда масалани қандай усул билан ечилишини аниқ тушунтира олиш, кодни тоз ёзиш, чекка ҳолатларни (edge cases) ҳисобга олиш муҳим ҳисобланади.

Масалани ечиб бўлгандан кейин 5-10 дақиқа кандидат, яъни мен интервью олаётган кишига хоҳлаган саволимни беришим мумкин.

У Facebook’да қандайдир технологияни ишлатилиши, компаниядаги муҳит, компания маданияти ва шунга ўхшаган саволлар бўлиши мумкин. Умуман олганда, биринчи интервью кўнглимдагидек бўлиб ўтди.

Биринчи интервьюнинг жавоби бир ҳафта ўтмасдан келди ва ижобий натижа бўлганлиги ҳақида менга маълум қилишди.

Кейинги босқич, яъни иккинчи онлайн интервью қилинадиган бўлди. Интервьюга яхшилаб тайёрланиш мақсадида уни бир ойдан кейин бўладиган қилиб келишиб олдик.

Иккинчи интервью структураси худди биринчисидагидек бўлди.

Бошида Андроид бўйича саволлар берилди ва ҳаммасига яхши жавоб бера олдим. Чунки шу пайтга қадар Андроид билан уч йил шуғулланаётган эдим.

Кейин алгоритмик масалани ечишга ўтдик. Бу сафар биринчи интервьюдагидек яхши ўтмади ва масалани кўнглимдагидек еча олмадим.

Менинг ечган йўлимда бир, иккита чекка ҳолатларни (edge cases) ҳисобга олмаган эканман.

Иккинчи интервьюнинг жавоби ҳам тез ўтмасдан келди. Унда мени кейинги босқичга ўтганим ҳақида маълум қилинди.

Буни эшитиб, жуда ҳам хурсанд бўлганман. Чунки иккинчи интервьюдан ўта олмаган бўлсам керак деб ўйлаган эдим.

Улар мени кейинги босқичга чақириш/чақирмаслик қарорини қабул қилишида нафақат иккинчи интервьюнинг натижасига қарашган, балки бошқа омилларни ҳам ҳисобга олган.

Мени олдинги ишхонамда қилган ишларим (Facebook’дан олдин Жанубий Кореяда Samsung Electronics’да ишлаганман), мени бўш вақтимда қилган Андроид дастурим шулар жумласидан эди.

Айниқса, уларга мен тузган ва Google Play’га жойлаштирилган Андроид дастурим маъқул келган.

Кейинги (охирги) босқич Facebook’нинг Калифорниядаги офисида бўлган ва Сеулдан Сан-Францискога билетлар, меҳмонхона, овқат, такси ва шунга ўхшаш харажатларни ҳаммасини ўзлари қоплаб беришган.

Охирги босқич кетма-кет тўрт интервьюдан иборат бўлган. Ҳар бир интервью бир соат давом этган.

Тўрт интервьюдан иккитасида Андроид бўйича масала берилган ва доскада ечимининг кодини ёзганман.

Учинчи интервью “system design” бўйича бўлган ва унда ҳам Андроидга боғлиқ масала берилган.

Тўртинчи интервьюнинг ярими алгоритмик савол, ярими “behavioral questions” бўлган, яъни мен компания маданиятига қанчалик тўғри келишимни саволлар бериб текширишган.

Иккинчи интервьюдан кейин “тушлик интервью” бўлган, яъни бу расмий интервью бўлмаса ҳам, бунда Facebook ходими билан тушлик қилганмиз ва шу пайтда Facebook ҳақида хоҳлаган савол беришим мумкин эди ва бунинг бошқа интервьюларга таъсири бўлмаган.

Сеулга қайтиб борганимдан кейин бир ҳафта ўтмасдан улардан ижобий жавоб келган ва менга иш таклифини беришган.

Мен иккиланмасдан бу таклифни қабул қилганман ва ўша пайтда ўзимни жуда ҳам бахтли сезганман.

14340038_10210779026695695_1333589529_o

Facebook’да ишлаш қандай? Бошқа ишлаган жойларингиздан фарқи, иш режими, имкониятлар, қулайликлар, жамоадаги кайфият…

— Бизнинг офисимиз жуда ҳам ноодатий ва у ерда ходим ўзини ноқулай ҳис қилмаслиги ва турли хил маиший саволларга чалғимаслиги учун барча шароит яратилган.

Компания ходимлари учун бепул, уч маҳал овқат беради. Ходим тонгда ишга келгач, уни турли хил мева, салат, шарбат, тухумнинг турли кўриниши ва бошқа бир қанча нарсалардан қилинган нонушта кутади.

Тушликда эса энг кўп турдаги овқатлар берилади ва ҳар ким хоҳлаганини таъбига қараб танлаши мумкин.

Ҳар бир овқат махсус белгига эга. Бу эса овқатланишда бирор чекловга эга кишилар ўзларига мос овқатни танлашларида ёрдам беради. Масалан, кимдадир ёнғоққа аллергия бўлиши, кимдир вегетарион бўлиши мумкин.

Шунингдек, ҳар бир овқат уч хил ранг билан белгиланади. Агар яшил бўлса, бемалол кўп ейиш мумкин. Масалан, турли салатларни.

Қизил бўлса, кўп ейиш тавсия этилмайди. Масалан, мол гўшти. Булар ходимларнинг соғлигини ўйлаб қилинган. Овқат ҳажми эса чекланмаган.

Сариқ ранг эса қизил ва яшил ўртасини билдиради.

Бундан ташқари ҳар доим турли хил пишириқлар, шоколад, музқаймоқ, ширинликлар ва ичимликлар мавжуд бўлади.

Вақти-вақти билан ходим ишдан чалғиши ва ишга янги куч билан қайтиши учун ҳар хил ўйин хоналари бор. Уларда пинг-понг, стол футболи, PS4, Xbox ўйнаш ёки чолғу асбобларидан фойдаланиш мумкин.

Facebook’да иш графика жуда эркин. Бу ерда ходимнинг ишда ўтказган вақтини ҳисоблаш системаси йўқ. Бу эса ходим офисдан ташқарида ишлаши ҳам мумкинлиги учун шундай.

Ҳар бир ходимнинг ўз ноутбуки бор ва баъзида уйдан ишлаш ҳам мумкин. Бу нормал ҳолат ҳисобланади.

Чоршанба эса мажлислар бўлмайдиган кун деб қабул қилинган. Ходимлар шу куни ишга умуман келмасликлари ва уйдан ишлашлари мумкин.

Касаллик учун таътил олишда чеклов йўқ. Агар касаллансангиз, шунчаки менежерни огоҳлантириб қўйиш етарли. Касал бўлиб қолганда ишга чиқмаслик ва қаҳрамонлик кўрсатмаслик тавсия қилинади.

Ходимларга ишониш даражаси жуда ҳайратланарли ва компаниянинг қарашларича, ходимларнинг ўзи қачон ишлаганлари фойдали бўлишини яхши билишади.

Доимий тарзда Марк Зукерберг билан савол-жавоблар сессияси (Q&А session) ўтказилиб турилади. Унда ходимлар компания фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган ва хавотирлантирган саволларни беришлари мумкин.

Бу ходимлар ўз фикрларини беришлари ва топ-менежмент фикрини билишлари учун ажойиб имконият.

Лондон офисида (Калифорниядаги бош офисдан ташқари барча офисларда ҳам) Free Lunch Wednesday ва БФФ дастурлари мавжуд.

Ҳар чоршанбада офисдан ташқари исталган ресторанда овқатланиш мумкин. Ёки 5 кишидан кам бўлмаган ходимлар билан бирга борса ҳам бўлади. Бунда ҳар бир ходимга 25 фунтдан берилади.

Шу билан бирга ҳар бир ходим кино, театр, музей, концертга бориш каби бирор тадбир уюштириши мумкин. 5 кишидан кам бўлмаган бундай жамоаларнинг ҳар бир аъзосига ҳам 25 фунтдан берилади.

Бу бошқа жамолардаги ходимлар билан танишиш учун яхши имконият ва у жамоалар ўртасидаги мулоқот яхшиланишига хизмат қилади.

Тез-тез хакатонлар ўтказилиб турилади. Улар кун бўйи давом этади ва унда одатий ишдан бошқа идеялар устида ишлаш мумкин.

Шундай хакатонлар сабаб, Facebook учун янги ва қизиқ лойиҳалар юзага келади.

14341360_10210779041936076_1621961404_n

Қаерларда ўқигансиз?

— Мактабни тугатгач, Ўзбекистон Миллий университетининг “Иқтисод” факултетига ўқишга кирганман.

Умуман олганда, ўқишга киргунча иқтисод ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаганман. Ҳал қилувчи фактор эса ўқишга кириш фанларини етарлича яхши билишим бўлган.

Мен математика билан шуғулланганман ва инглзи тилини яхши билганман. Булар билан яхши таълим даргоҳига кириш учун эса, ўшанда иқтисод деб ўйлаганман.

Тахминан учинчи курсда иқтисод умуман менинг сферам эмаслигини ҳис қила бошлаганман. Гуманитар фанлардан кўра менга аниқ фанлар кўпроқ маъқул эди.

Кейин эса курсдошларимиз билан битта марказ талабаларни текинга дастурлашга ўқитиши ҳақида билиб қолганмиз ва синаб кўришга қарор қилганмиз.

Бу марказ “Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази” деб номланган ва унда .NET платформаси асосида дастурлашни ўргатишган.

Уч ой давомида дарслардан сўнг, ҳафтасига 5 кун, кунига уч соатдан шу марказга қатнаганмиз. Менга дастурлаш жуда ёққан ва ёмон чиқмаган.

Ўқув курслари туагагач, якуний лойиҳамни топширганман ва марказ ҳамкорлик қиладиган компаниялардан бири — NetDec’га ишим маъқул келиб, мени амалиёт ўташга чақирган. У ерда ярим йил ишлаганман.

Университетни битирганимда, ўқишни тугатганимдан сўнг ким бўлиб ишлашим ҳақида ҳеч қандай шубҳам қолмаган эди.

Шундан сўнг икки йил Тошкентдаги Мурансофт компаниясида ишладим ва Жануибий Кореяга магистратура ўқиш учун жўнаб кетдим.

Магистратурани ривожланган давлатлардан бирида ўқишни жуда орзу қилганман ва турли хил Европа университетларига ҳам ҳужжатларимни топширганман.

Software Engineering ёки Computer Science бўйича магистратурада ўқишни жуда хоҳлаганман. Лекин бакалавр дипломим иқтисод бўйича бўлгани боис, кўплаб университетлар қабул бошида мени рад қилишган.

Кейин эса Жанубий Корея университетларига ҳужжат топширишга ҳаракат қилиб кўрганман. Ва бахтимга, битта университет, тўғрироғи шу университетнинг профессорларидан бири мени ўқишга қабул қилишга рози бўлган ва мен Сувон шаҳридаги Аджоу университетига кирганман.

Computer Engineering факултетида ўқиганман. У ерда олинган назарий билимларим компьютер илмидаги пробелларим ўрнини тўлдиришда катта ёрдам берган.

Касбингиз қандай, нималар қилгансиз, қайси дастурлаш тилларида ишлайсиз?

— Жанубий Кореядаги университетни битиргач эса ўзим ўқиган шаҳар — Сувондаги Samsung Electronics’да иш бошладим.

Ишга киришда бўлган интервьюлардан бирида мендан Самсунгда нима билан шуғулланишга қизиқишим ҳақида сўрашди. Мен эса икки хил сфера: Андроидда дастурлаш ва тизим тақсимоти (Distributed Sytsems) деганман.

Якунда эса Самсунг смартфонларининг фойдаланувчи интерфейсини ишлаб чиқадиган жамоадан ўрин эгаллаганман. У ерда бир Андроидда ишлаганмиз ва Жавани асосий дастурлаш тили сифатида фойдаланганмиз.

Ҳозир ҳам Facebook’да Андроид бўйича ишлайман ва Facebook Lite маҳсулоти устида ишлайман.

Шунингдек, ўз лойиҳаларимда аввал Python дастурлаш тилидан ҳам фойдаланганман.

Қайси тилларни биласиз ва улар Facebook’да ишлашингизда қандай имкониятлар яратмоқда?

— Хорижий тиллардан рус ва инглиз тилларини биламан. Жанубий Кореяда ҳам узоқ пайт инглиз тилида мулоқот қилганман.

Кореядалигимда корейс тилини анча ўргандим, аммо ҳозир деярли ишлатмаслигим сабаб эсимдан чиқмоқда.

Facebook’да русча гаплашадиган ходимлар кўп. Улар асосан Россия ва Украинадан. Биз ўзаро рус тилида мулоқот қиламиз.

Бироқ, рус тилида суҳбатлашадиган ходимлар бизнинг жамоамизда йўқ. Агар бўлганида ишлаш осонлашарди. Лекин ҳамма инглиз тилида етарлича яхши гаплаша олади.

Маҳаллий тиллардан эса қорақалпоқча (она тилим) ва ўзбекчани биламан, қозоқчани тушунаман.

Қаерликсиз? Болаликдаги орзуларингиз? Масалан, дастурчи бўлишни орзу қилгандирсиз ва унга қандай эришгансиз?

— Мен Қорақалопғистоннинг Нукус шаҳрида туғилганман ва катта бўлганман. 37-литсейнинг математикaга чуқурлаштирилган синфида мактабни якунлаганман.

Шароитлар бўлса ҳам, ҳеч қачон дастурчи бўламан деб ўйламаганман. Болалигимда отам шанба кунлари мени ишига олиб борган ва шунда биринчи марта компьютер нима эканлигини билганман.

Ўшанда асосан фақат компьютер ўйинларини ўйнаганман ва MS-DOS ҳамда Windows ҳақида бироз ўрганганман. Кейинчалик эса уйимизда компьютер бўлган ва унда турли хил дастурлардан фойдаланишни ўрганганман. Аммо дастурлаш билан қизиқмаганман.

Келажакда ким бўлишим ҳақида болаликда ўйламаганман. Менга мактабдаги маълум фанлар, айниқса математика жуда ёққан.

14341851_10210779039176007_1366465456_n

Келажак режаларингиз қандай?

— Қисқа қилиб айтганда, Facebook’да ишлаб турганимда, бу ерда яратилган имкониятлардан иложи борича кўпроқ фойдаланишни хоҳлардим. Бундай имкониятлар эса қуйидагича:

а) Техник билимлар: Андроид, Жава ва биз бу ерда фойдаланадиган технологияларни чуқурроқ ўрганиш. Ўзим ҳамда бошқаларни доимий ўқитиш;

б) Лойиҳаларни ишлаб чиқиш: Бу ерда маҳсулот ишлаб чиқарилишига ёндошишлари жуда ёқади. Битта лойиҳа устида UX Researcher, Data Scientist, Designer, Content Strategist, Product Specialist ва бошқа платформа (Android, iOS, web) дастурчилари биргаликда ишлашади.

UX Researcher маҳсулот фойдаланувчи томонидан қандай фойдаланиши устида ишлайди, Data Scientist эса маҳсулот фойдаланилганидан маълумотларни анализ қилади ва ҳисоблайди, Designer эса фойдаланиш интерфейсини қилади ва маҳсулот билан мослиги (User eXperience)ни текширади, Content Strategist маҳсулотда фойдаланилган сўзларга жавоб беради, дастурчилар лойиҳанинг қийинлигини баҳолайди ва таҳминлар беради. Кейин эса ишлаб чиқиш бошланади.

Улар билан ишлаб, маҳсулот қандай тайёрланиши ҳақида тасаввур уйғонади. Бу эса бебаҳо тажриба. Жараён эса кўпчилик компанияларда деярли бир хил.

Шунингдек, бу ерда барча қарорлар шунчаки қабул қилинмаслиги, аниқ ҳисоб-китоблар асосида бўлиши менга ёқади.

Масалан, Product Manager, “Менга шу версия ёқди, у яхши кўринмоқда, шуни ишга туширамиз” – дея олмайди.

Аниқ ҳисоб-китоблар бўлиши зарур. Масалан, бу версия видео кўришлар сонини оширди ёки юкланиши 10 фоизга тезлашди, каби  маълумотлар бўлиши керак ва шундан сўнг янги версияни ишга тушириш мумкин.

s) Профессионал алоқалар: Бу ерда жуда ақлли муҳандислар ва турли соҳа, турли шаҳарликлар билан ишлаш мумкин. Улардан кўп нарса ўрганса бўлади ва бу келажакда бошқа лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Facebook’да менга яна ҳам кўпроқ нарсалар ўрганиш мумкинлиги ёқади. Қачондир Facebook’ни тарк этиш керак бўлса, мен ўзимни катта даражага чиқиш истагида бўлган кичик компания, бирор стартапда синаб кўришни хоҳлардим.

13413007_1107011742703831_7490041815843088717_n

Facebook’да қилинаётган янгиликлар ҳақида бўлиша оласизми?

— Афсуски, биз янги лойиҳалар ҳақида гапира олмаймиз.

Facebook’дан бирор ёрдам бера оласизми? Умуман сўраб туришадими?

— Facebook фойдаланувчиларининг маълумотларидан фойдаланишларига қаттиқ эътибор беради. Бу эса ходимларга жуда таалуқли.

Агар ходим ваколатини бузиб, фойдаланувчиларнинг ўзига берилмаган маълумотларини қараса, компания учун аввал қилган хизматлари ҳам инобатга олинмай, дарҳол ишдан бўшатилади.

ЎзингизFacebook ҳақида нималарни сўзлашни хоҳлайсиз?

— Facebook каби топ-технологик компанияларда ишга қабул қилиниш етарлича тайёргарлик билан тўлиқ реал ҳодиса эканлигини айтишни хоҳлардим.

Интервью жараёни кўплаб технологик компнияларда бир хил. Асосан интервьюларда номзодлар учун алгоритмик саволлар берилади ва уларга олдиндан тайёрланиш мумкин.

Шахсан ўзим учун бунга тайёрланиш 4-5 ой вақт талаб этган ва сарфланган вақт ўзини оқлаган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!