iOS 11 ёқмадими? iOS 10’га қайтамиз!

  •   DiMaX
  •  2043
  •  08.06.2017 16:56

iOS 11 ёқмадими? iOS 10’га қайтамиз!

Apple ўзининг iOS 11 тизимида кўп инновацион функцияларни жорий қилди: фойдаланувчига файлларни бошқариш, интерфейснинг тўқранг режимини фаоллаштириш каби имкониятларни тақдим этди.

Аммо янги версияда камчиликлар ҳам етарлича; масалан, у айрим иловаларни «тан олмайди». Булардан ташқари, охирги версиягача янгиланган iPhone қотиб ишлайди, аккумулятор қуввати жуда тез тугаб қолади. Умуман олганда, ишлаб чиқувчилар учун чиқарилган бета-версиядан барқарор ишлашни талаб қилиш ҳам тўғри эмас, лекин iOS 11 фаолиятини ҳатто синов версияси учун ҳам яхши, дейиш мушкул.

Агарда сиз ҳам iPhone’ингизни iOS 11 тизимигача янгилаган бўлсангиз-у, унинг нуқсонларидан бошингиз қотган бўлса, биз сизга сал эскироқ, аммо барқарор iOS 10.3.2 версиясига қайтишни маслаҳат берамиз. Тўғри, бета-версиягача янгилашдан кўра тизимни ортга қайтариш мураккаброқ кечади, аммо бу шунга арзийди.

Олдинги версияга қайтиш учун сизга компьютер ҳам керак бўлади, чунки тизимни «ҳаводан» орқага қайтариб бўлмайди. Шунингдек, қурилмангизни компьютерга улаш учун кабель ва, албатта, интернет ҳам зарур. Бундан ташқари, ҳар эҳтимолга қарши, барча маълумотларингизнинг захира нусхасини сақлаб қўямиз.

 Хуллас, шуларни тайёрлаб олгач, кетма-кетликда мана бу ҳаракатларни амалга оширамиз:

  1. iOS-қурилмани Mac ёки Windows тизимли компьютерга улаймиз ва iTunes дастурини очамиз.
  2. Агарда смартфонингиз iPhone 7 ёки 7 Plus бўлса, уни ўчириб-ёқиш тугмачасини овоз пасайтириш тугмачаси билан бирга босамиз. Бордию телефонингиз ундан олдинги Айфонлардан бўлса, у ҳолда ўчириб-ёқиш тугмачаси ва «Уйга» тугмачасини баравар босамиз.
  3. Тугмчаларни биргаликда тахминан 5 сонияча босиб турамиз, шунда гаджет ўчиб-ёнади.
  4. Смартфон ёнганидан сўнг iTunes бу қурилмани қайта тиклаш режимида кўради ва уни долзарб iOS версиясини ўрнатган ҳолда бошланғич созламаларига қайтаришни таклиф этади.
  5. Мазкур амални тасдиқлаш учун «Восстановить и обновить»ни босамиз, лицензион битим шартларига розилик берамиз. Кейин эса прошивка интернетдан юкланиб, ўрнатилгунича кутамиз.

Ўрнатиш жараёнида iOS-девайсингиз бир неча марта ўзи ўчиб-ёнади. Ниҳоят, ўрнатиш тугагач, сиз заводдан чиққан пайтидагидек созламаларга эга бўлган тоза девайсга эга бўласиз. Шундан кейин уни худди янги олгандек созлашингиз ёки ўзингиз аввал белгилаб қўйган созламалар ва маълумотларингизни захира нусхасидан тиклашингиз мумкин бўлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!