iOS 11’да узоқ кутилган функциялардан бири пайдо бўлди (+видео)

  •   DiMaX
  •  2654
  •  04.07.2017 15:41

iOS 11’да узоқ кутилган функциялардан бири пайдо бўлди (+видео)

Ниҳоят, iOS 11 операцион тизимига кўпчилик машина ҳайдовчилар узоқ кутган «Ҳаракатланиш пайтида безовта қилмаслик» функцияси қўшилди. Бунда сиз рулда пайтингиз тизим нафақат барча кирувчи қўнғироқлар, хабарлар ва билдиришномаларни чеклайди, балки истагингизга кўра абонентларга автоматик жавоб ҳам юбора олади. Бу тўғрида AppleInsider нашри хабар берган.

Келинг, унинг қандай ишлашингизни кўриб чиқамиз.

Аввало, янги «Безовта қилмаслик» режимини ўзингиз фаоллаштиришингиз ҳам, автоматик ёқиладиган қилишингиз ҳам мумкин. Масалан, iPhone’ингиз автомобилингизга Bluetooth орқали уланганида бу режим ишга тушиб кетадиган қилиб қўйсангиз бўлади. Агарда сиз йўловчи ўриндиғида ўтирган бўлсангиз, айни дамда ҳайдовчи эмаслигингизни iOS тизимига билдириб қўйишингиз мумкин.

«Ҳаракатланиш пайтида безовта қилмаслик» функцияси фаоллашган пайти, нима бўлишидан қатъи назар, iPhone экрани қоп-қора ҳолида тураверади. Уйингиздан қўнғироқ бўладими ё бирор мессенжердан хабар келадими – фарқи йўқ, смартфонингиз сизга буни билдирмайди – рулни бошқаришдан чалғитмайди. Агарда кимдир матнли хабар юборса, айни пайтда рулда эканингиз ҳақида автоматик жавоб қайтаришни созлаб қўйишингиз мумкин. Жуда фавқулодда ҳолатлар учун эса, битта хабарни кетма-кет икки марта жўнатиш орқали «Безовта қилмаслик» режимини «бузиш» ҳам кўзда тутилган (буни ўчириш имкони ҳам бор).

Шуниси ҳам борки, агарда сиз ватомобилдаги Bluetooth ёки hands-free аксессуари ёрдамида гаплашадиган бўлсангиз, тизим кирувчи қўнғироқларни чекламайди. Шунингдек, «Безовта қилмаслик» режимини муҳим ҳолатларда узиб қўйишингиз ҳам мумкин. Булардан ташқари, ўсмир ёшдагиларнинг смартфонида янги режимни узиб қўйишнинг ўзини чеклаш имкони ҳам бор.

«Ҳаракатланиш пайтида безовта қилмаслик» функциясидан iOS 11 тизимининг дастурчиларга мўлжалланган иккинчи бета-версиясида, шунингдек, оммавий тақдим этилган бета-версияда фойдаланиш мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!