“iOS’лашган” Android O тизимидаги 10 илғор жиҳат

“iOS’лашган” Android O тизимидаги 10 илғор жиҳат

17 май куни старт берилган Google I/O — анъанавий дастурчилар анжуманида “Android O” номли янги мобил операцион тизимининг бета талқини тақдимоти бўлиб ўтди. Ёзда мобил қурилма фойдаланувчиларига тўлиқ тақдим этиладиган тизимдан ҳозирча Pixel, Pixel XL, Pixel C, Nexus 5X ҳамда Nexus 6P смартфонларида фойдаланиш мумкин.

Янги дастурий платформа 3 муҳим ҳаётий эҳтиёж асосида яратилган: тезкор ишлаш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари учун кенгайтирилган функциялар.

1. Android O тизими смартфон фойдаланувчиларига огоҳлантиришларнинг янгича интерфейси, “сурат ичида сурат”, яъни экранда асосий ва қўшимча тасвир ойнасини ташкил қилиш функцияси ҳамда аккумулятор қувватини узоққа етишига хизмат қилувчи илғор технологияни тақдим қилади.

2. Анжуманда эълон қилинишича, операцион тизимни яратишда унинг мобил қурилма тезкорлигини таъминлашига ҳам алоҳида диққа қилинган. Янги операцион тизими ва ундаги иловалар аввалги — Nougat тизимига қараганда 2 баробар тезроқ юкланади. Шу билан бирга, қувват истеъмолида Nougat’чалик “баднафс” эмас.

3. Шунингдек, дастурчиларга Play Console Dashboard функцияси ёрдамида иловаларининг тезкорлиги, камчилиги ва қувват истеъмолини назорат қилиш имкони яратилди. Шу орқали ҳар бир иловани оптимал даражада ишлаб чиқаришга имкон туғилади.

4. Янгиликлар қаторида Notifications Dots, яъни ўтказиб юборилган хат-хабар, қўнғироқлар ва бошқа янгиликлардан тезкор хабардор қилувчи функция қисман iOS’ни эслатади. Энди огоҳлантиришлар билан танишиш учун иловага кириб юриш талаб этилмайди. Энди экрандаги илова рамзларига узоғроқ босиб турилса, Notification Dots огоҳлантиришлар нуқтаси пайдо бўлади. Бу ерда огоҳлантириш матни билан танишиш мумкин. Бироқ, iOS’да огоҳалнтиришлар сони кўринади, холос.

Огоҳлантириш олишни созлаш ҳам мумкин. Мисол учун, баъзи огоҳлантиришларни тақиқлаб қўйиш, ёки технологиялар, сиёсий ва қизиқишга кўра, бошқа мавзудаги янгиликларни кузатиб боришни созлаб қўйиш мумкин.

5. Энди смартфонлардаги хавфсизлик учун Google Play Protect дастури жавоб беради. Бу дастур Google Play’даги зарарли файлларни таҳлил қилиб, смартфон платформасини улардан ҳимоя қилади. Фойдаланувчига хавфсизлик бўйича текширув натижаларидан бохабар қилинади, вирусли файллар блокланиб, тизимдан автоматик равишда ўчириб юборилади. Бу дастур иловалар каталогини ҳар кун сканер қилади.

6. Бу тизимнинг яна бир ўзига хос жиҳати — смартфонни излаш функцияси. Мисоли, Find My iPhone функцияси каби.

7. Ва, ниҳоят Android операцион тизими кўнгилдагидек эмози-смайликларга эга бўладиган бўлди.

8. Autofill функцияси эса Chrome браузерида сақлаб қолинган махфий сўз ёрдамида хизматлар иловаларига автоматик равишда кириш имконини беради. Яъни, ҳар гал логин ва паролни териб ўтириб талаб этилмайди.

9. Google хизматига уланган Smart Text Selection номли матнни кўчириш ва қўйиш функцияси татбиқ этилган бўлиб, узоқ босиб туриш ёки 2 марта тез-тез босиш орқали фақат керакли матнни кўчириб олади. Мисол учун, телефон рақами, манзилларни. Шу билан бирга, Android O тизимидаги смартфон манзили сўралган компанияга ёки у ердаги одамга қўнғироқ қилишни ёки харитада манзилини кўрсатишни таклиф қилади.

10. Энг арзон ҳамёнбоп андроид қурилмалар Android O’нинг мослаштирилган талқини — Android Go’дан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, Google ва унинг ҳамкорлари бу йил Daydream VR-платформалари учун тўлиқ мустақил фаолият кўрсатадиган виртуал воқелик шлемларини ҳам тақдим қиладилар.

Анжуманда дастурчилар томонидан Google Lens иловаси тақдим қилинди. Бу илова кадр ва тасвирдаги объектларни аниқлаш кўникмасига эга.

Google I/O 2017 анжуманида эълон қилинган 5 рақам:

Бугун Android операцион тизимидан жаҳон миқёсида 2 миллиард дона қурилма фойдаланади.

Ҳар куни YouTube тармоғида 1 миллиард соатдан зиёд видео томоша қилинади.

Google Photos фото-хизмати аудиторияси ҳозирда 500 миллион нафар кишини ташкил қилади.

Google Maps хизматига ҳар куни фойдаланувчилар 1 милилард км.га тенг бўлган маршрутларни қўшадилар.

Google Assistant овозли ёрдамчиси ҳозирда 100 миллион дона қурилмада фойдаланилмоқда. У тез орада iOS платформасида ҳам ишлай бошлайди.