iOS ва Android смартфонларида рекламадан буткул халос бўлиш

  •   DiMaX
  •  7706
  •  24.03.2017 20:06

iOS ва Android смартфонларида рекламадан буткул халос бўлиш

Смартфон орқали интернетга кирганингизда рекламалар жонингизга тегиши билан бирга, анча-мунча трафикни ҳам «еб» қўяди. Бундан қутулишнинг энг яхши йўли – сайтлардаги турли баннерларни блоклаш (чеклаш) функцияси аввал-бошиданоқ кўзда тутилган браузерлардан фойдаланишдир. Аммо мазкур усул фақатгина Android тизимида амал қилади-да.

iOS тизими учун рекламаларни чекловчи браузер шунчаки мавжуд эмас. Шу боис ҳам iPhone ва iPad соҳиблари бир неча кенгайтма орасидан бирортасини танлаб олиб ўрнатишларига тўғри келади.

Қуйида смартфон ва планшетларда интернетга кирганда рекламани чекловчи энг оммабоп ва қулай усулларга тўхталиб ўтамиз.

Free Adblocker Browser

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизим: Android.
  • Рус тили: бор.

Тор доираларда кенг тарқалган мобиль браузер. Барча турдаги рекламаларни яширади, интернетда ишлашда хавфсизликни таъминлайди ва созлаш талаб этилмайди.

Free Adblocker Browser’ни ўрнатгач, телефонингизга энди ўнлаб кераксиз баннерлар ва реклама лавҳалари юкланмайди. Шу боис унга тушадиган оғирлик ҳам анча камаяди, бу эса батарея қувватини тежашга ҳам олиб келади.

Adblock Browser

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизим: Android.
  • Рус тили: бор.

Юқоридаги браузер билан нафақат номи, балки ишлаш принципи томонидан ҳам ўзаро ўхшаш. Реклама баннерлари, лавҳалари, суратлари ва эълонларининг акс этишини чеклайди; смартфонга тушадиган оғирликни камайтиради ва хавфсизлигингизни таъминлашга ҳам ҳисса қўшади.

Оммабоп Firefox асосида яратилганлиги боис, Adblock Browser’да ишлаш қулайроқ ва ёқимлироқ ҳам.

Opera

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизим: Android.
  • Рус тили: бор.

Компьютерлар учун чиқарилган версияси каби, уяли қурилмаларга мосланган Opera’да ҳам бошиданоқ ҳам реклама контентини чеклаш назарда тутилган. Браузернинг ўзига ўрнатилган янгиликлар тасмаси мамлакатдаги ва дунёдаги сўнгги воқеалардан хабардор қилиб боради. Умуман, 100 миллион мартадан ошиқ кўчириб олиб ўрнатилганлиги ҳам бу илованинг оммабоплиги бежиз эмаслигидан далолат.

Adblock Plus

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизимлар: iOS, Android (Samsung учун).
  • Рус тили: бор.

Ушбу оммабоп блокловчи iOS тизимли қурилмалар соҳибларига Safari, Samsung мобиль қурилмалари эгаларига эса турли Android-браузерлар саҳифаларини рекламадан тозалашга ёрдам беради. Унда оқ рўйхатлар қўшиш имкони туфайли, агар зарур бўлса керакли веб-саҳифаларни ўзгаришсиз қолдириш ҳам мумкин.

Барча реклама маълумотлари оқимини ушлаб қолишга Adblock Plus ҳозирча тўла қодир эмас, масалан, «Яндекс.Директ»га унинг кучи етмайди. Аммо iPhone эгалари орасида бу чекловчи яхшигина ном қозонган.

Crystal

  • Лицензия: тижорат дастури.
  • Операцион тизимлар: iOS, Android (Samsung учун).
  • Рус тили: йўқ

Соддалиги ва кўп функцияларга эгалиги билан яхшигина оммалашган илова. Реклама кўрсатилишини чеклаш учун унинг созламаларига кириш, браузерни танлаш ва «Правила блокирования контента»ни босиш керак – бўлди.

Умуман олганда, Crystal’да бошқа созламанинг ўзи йўқ. Унда ҳатто қора ва оқ рўйхатлар ҳам мавжуд эмас, аммо илова барибир ўзига юклатилган вазифани яхши уддалайди. Уни Apple ёки Samsung мобиль қурилмалари учун юклаб олиш мумкин.

Adblock Fast

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизимлар: iOS, Android.
  • Рус тили: йўқ.

Рекламадан безганлар учун яна бир бепул илова, аммо унинг ишлашини жудаям зўр, деб бўлмайди. Айрим ҳолларда бирор рекламани ушлаб қолмасдан ўтказиб юборади. Баъзида эса легал контентни, масалан, интернет-дўкондаги товарни реклама ҳисоблаб кўрсатмай қўяди. Лекин кўп ҳолларда зарур функцияларини яхши бажаради.

Мазкур иловани iOS ёки Android тизимли девайсларга кўчириб олиб ўрнатишингиз мумкин.

Барча Androidиловалардан рекламани буткул олиб ташлаш

Юқоридаги усуллар фақат браузерда рекламадан қутулиш учун бўлса, энди «яшил роботчали» қурилмаларга ўрнатилган бошқа иловалардаги рекламаларни ҳам чеклаш йўлларини кўриб чиқамиз. Бунинг учун махсус дастурлар бор, шулардан энг муҳимларини санаб ўтамиз.

Adguard

  • Лицензия: тижорат дастури.
  • Операцион тизим: Android.
  • Рус тили: бор.

Барча мобиль иловалардаги рекламаларни бартараф этувчи тўлақоли дастурий таъминот. Adguard’ни Google Play дўконидан топа олмайсиз, уни ишлаб чиқувчининг сайтидан олиб ўрнатиш мумкин.

Айтиш керакки, дастурнинг бепул варианти фақатгина браузерларни рекламадан тозалайди. Барча иловалардаги рекламалардан қутулиш учун эса Adguard’нинг тўлиқ версиясини харид қилишингизга тўғри келади.

AdAway

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизим: Android.
  • Рус тили: бор.

Қисқача айтганда, AdAway иловаси hosts файлини шундай таҳрирлайдики, кейин иловалар интернетга улана олсалар-да, рекламани юклай олишмайди. Англаганингиздек, Android’нинг тизим файлларига ўзгартириш кирита олиши учун AdAway иловаси root ҳуқуқини талаб этади.

Бу дастурни ишлатишнинг ҳеч қийин жойи йўқ. Унинг бош экранида иккитагина тугмача туради. Улардан бири рекламаларнинг киришини чеклайди, иккинчиси эса тизим файлларини дастлабки ҳолатига қайтаради.

AdFree

  • Лицензия: бепул.
  • Операцион тизим: Android.
  • Рус тили: бор.

Бу илова ҳам телефонингиздаги тизим файлларига кириш учун root ҳуқуқини талаб қилади ва hosts файлига ўзгариш киритади. AdFree рекламанинг барча турларини бирёқли қила олади, шу турдаги бошқа дастурларга нисбатан кам жой эгаллайди ва телефон ресурсларини умуман сарфламайди.

Тушунарли сабабларга кўра у Google Play дўконига жойланмаган, иловани фақат расмий сайтидангина олиш мумкин.

Барча iOS-иловаларда рекламадан буткул қутулиш

iOS – ёпиқ чиқиш кодига эга тизим, унда тизим файлларига кириш бошиданоқ имконсиз. Рекламаларни блоклаш учун эса айнан шу файлларга ўзгартиришлар киритиш лозим бўлади.

Аммо бу – Apple қурилмаларида рекламадан қутулиш имкони йўқ, дегани эмас. Шунчаки, бу жараён бирмунча қийинроқ кечади, керакли амаллар «қўлда» бажарилади ва таваккалга асосланади.

Бунинг асосий шарти – жейлбрейк, яъни тизимга киришнинг тўлиқ ҳуқуқи мавжуд бўлиши керак. Ёдда тутинг: мазкур операция тизимни ўзгартирганлиги сабабли, кейинчалик Apple сервис марказларида бу қурилмангизга кафолат хизмати кўрсатишдан бош тортишлари мумкин. Шунингдек, унда бирор иш хато бажарилса, iPhone ёки iPad ишдан чиқиб, бир парча металл ва пластикдан иборат «ғишт»га айланади-қолади. Шу боис, бу ерда кўрсатиладиган амаллар учун жавобгарлик бутунлай ўз зиммангизда бўлишини эслатиб ўтамиз.

Хулласи калом, тизим папкаларига киришимиз учун бирор файл менежери, масалан – iFiles керак бўлади.

Папкага кириш ҳуқуқини ўзгартириш

Бирор иловада реклама кўриниши учун, биринчи навбатда у қурилмага юкланиб ва сақланиб олиши керак бўлади. Кўп ҳолларда реклама файллари муайян илованинг Caches папкасига ўрнашиб олади. Агар шу папкага киришни чеклаб қўйсак, илова рекламани ҳеч қаердан ола билмайди ва, табиийки, сизга кўрсата олмайди. Бунинг учун қуйидаги амалларни бажариш лозим:

  1. Керакли дастур папкасига кирамиз: User → Application → «Дастур номи».
  2. Caches папкасини топамиз.
  3. Унинг учун «Прочесть» ва «Выполнить» ҳуқуқларини ўрнатинг.

Кейин мана шу иловада реклама кўринмайдиган бўлади.

Дастур папкасидан суратларни ўчириш

Айрим дастурларнинг реклама файллари реал вақт режимида сервердан юкланмайди-да, дастурнинг ўзи билан бирга кўчирилиб, ўрнатиш жараёнида унинг тегишли папкасига жойлашади. Шу боис уларни шунчаки ўчириб ташлаш орқали ҳам бундай рекламадан қутулиш мумкин:

  1. Мана бу манзилга кирамиз: User → Containers → Bundle → Application → «Дастур номи».
  2. Папкадаги реклама билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган барча файлларни ўчирамиз.

iAd’ни ўчириб ташлаш

iAd бу – Apple’нинг барча маҳсулотларига реклама жойловчи сервиснинг ўзидир. Унга алоқадор бўлган папкани ўчириб ташлаш орқали биз, ўзимиз истамаган контентдан қутула оламиз.

Бунинг учун iOS тизим папкаларига кирамиз ва қуйидаги файлларни ўчириб ташлаймиз:

  1. com.apple.iad.adlibd.
  2. iAdFramework.axbundle.
  3. iAd.framework.
  4. iAdCore.framework

Ёдда тутинг: жейлбрейк ёрдамида амалга ошириладиган усулларнинг ҳаммаси ҳам юз фоиз муваффақиятли чиқавермайди. Тизим папкаларидан бирорта керакли файлни адашиб ўчириб юборсангиз эса девайсингиз буткул ишдан чиқиб қолиши мумкин. Шу боис, рекламадан қутуламан деб, қурилмангиздан айрилиб қолишингиз хавфи мавжудлиги ҳамиша эсингизда бўлсин.

Дарвоқе, компьютерда рекламадан буткул халос бўлиш ҳақидаги мақоламизни ҳам ўқидингизми?