iPhone 6S, 6S Plus, SE, 7, 7 Plus 100 долларгача арзонлашди

iPhone 6S, 6S Plus, SE, 7, 7 Plus 100 долларгача арзонлашди

Apple’нинг янги мобил алоқа воситалари тақдимоти муносабати билан компания анъанага кўра шу вақтга қадар ишлаб чиқараётган аввалги айфонларининг нархини арзонлаштирди.

Агарда сиз iPhone 5 ёки 6 моделларининг дизайнидан чарчаган бўлсангиз, шоҳона ва замонавий тренддаги $999 долларлик iPhone X айни сиз учун.
Бироқ, аввалги iPhone'ларни маъқул кўрсангиз, қуйида уларнинг ўзига хосликлари ва нарх-навоси тўғрисида маълумот берамиз.

IPHONE SE
iPhone SE -- айни пайтда сотувга чиқарилаётган энг ихчам iPhone бўлиб, 4 дюймли жажжи дисплейдан иборат. Дизайнини iPhone 5'дан "мерос" олган бўлса ҳам, техник жиҳатдан iPhone 6S билан баҳсга киришади ва илғо A9 процессорига эга. "Кичкина деманг бизни", деганларидай бу айфоннинг афзалликлари кўп. Ҳатто, iPhone X маҳрум бўлган "Touch ID" тугмаси ҳам бор :)
Шу вақтга қадар $399 доллардан сотилган энг арзон талқин 50 долларга арзонлашди.

Нарх-навоси: 32 ГБ талқин $349, 128 ГБ талқин $449 доллар.
Корпус ранглари: кумуш, тилла, "самовий кулранг" ёки оч пушти.

IPHONE 6S / 6S PLUS
iPhone 6S ҳамда 6S Plus флагманлари iPhone 6'нинг такомиллашган талқини ва яхши сотилиш бўйича ўша вақтларда рекорд ўрнатган. 6S модели 4.7 дюймли, 6S Plus эса 5.5 дюймли экранга эга бўлган. Бу смартфонлар Apple’нинг 3D Touch технологиясига эга бўлган. Яъни экрани бармоқ зарбига кўра амални бажаради. Шунингдек, камера анимацион "Live Photos" "жонли" суратларни олиши мумкин. Бу 2 жиҳат билан бирга, унга iPhone 6'никидан кучлироқ процессор ўрнатилгани янада таассуротли.
iPhone 6S'нинг энг арзон талқини шу вақтга қадар $549 доллардан сотиб келинаётган эди. Ва, янги прайс-листда уларнинг баҳоси 100 долларга "ташлади". iPhone 6S Plus'нинг нархи ҳам $649 доллардан, $549 долларга арзонлашди.

Нарх-наво: iPhone 6S: 32 ГБ талқин $449, 128 ГБ талқин $549;
iPhone 6S Plus: 32 ГБ талқин $549, 128 ГБ талқин $649;
Корпус ранглари: кумуш, тилла, "самовий" кулранг, оч пушти.

IPHONE 7 / 7 PLUS
iPhone 7 ва 7 Plus 2016 йилда тақдим қилинган ва йил бўйи энг самарадор платформага эгалиги билан жаҳон "рекордсмени" бўлган. Унинг процессор ва камераси 6S'никидан анча илғор. 7 Plus эса Apple'нинг илк 2 сенсорли бош камерага эга флагмани. Кенг бурчакли ҳамда телефото линзалари билан бу камера сифатли сурта олишда пешқадам. A10 Fusion чипи билан бирга, корпуснинг сув ҳамда чангдан ҳимоялангани катта янгилик бўлди.
iPhone 7'нинг энг арзон талқини -- 32 гигабайтли модели учун аввал $649 доллар сўралган бўлса, айни пайтда у $549 долларга баҳоланган. Шунингдек. iPhone 7 Plus ҳам 100 долларга арзонлашиб, ҳозирда унинг энг арзон талқини $669 долларни ташкил қилади.

Нарх-наво: iPhone 7: 32 ГБ талқин $549, 128 ГБ талқин $649;
iPhone 7 Plus: 32 Гб талқин $669, 128 ГБ талқин $769;
Ранглари: кумуш, тилла, қора, тўқ қора ва пушти.

Шунингдек, Apple'нинг энг арзон -- $349 доллардан сотилаётган янги iPad девайси энди $329 доллардан сотилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, анъанавий дизайндаги iPhone 8 ва 8 Plus'га бугундан бошлаб аввалдан буюртма бериш бошланди. 22 сентябрдан эса смартфонларнинг илк партияси сотувга чиқарилади. Илғор жиҳатлар, хусусан айни пайтда энг илғор аппарат платформаси бўлган 6 ядроли A11 Bionic процессорига эга девайсларнинг энг арзон талқинлари (64 ГБ) $699 ҳамда $799 доллардан сотилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!