iPhone 7’да оддий қулоқчин учун тирқиш очиш мумкин! (+видео)

iPhone 7’да оддий қулоқчин учун тирқиш очиш мумкин! (+видео)

Хитойнинг жин кўчаларидаги бозорда ўзи учун iPhone 6s терган сайёҳ эсингиздами? Яқиндагина у ўзининг янги лойиҳасини якунига етказди – iPhone 7 смартфонини қулоқчинга мўлжалланган 3,5 миллиметрлик тирқиш билан жиҳозлади! Энди у ўз айфонига ҳеч бир ўтказгичларсиз, исталган қулоқчинни улаб ишлата олади.

Скотти Аллен сўзларига кўра, айнан камерасининг имкониятлари кенглиги учун ҳам у iPhone 7 сотиб олган. Бироқ шундай ажойиб смартфонда оддийгина қулоқчин учун тирқиш йўқлиги бу тиниб-тинчимас кишининг ҳафсаласини пир қилган. «Шуни ўзим яратсам-чи?» деган фикр хаёлига келган ва бунга жиддий киришган.

«Фақат тентакларгина дунёни ўзгартира оламан, деб ўйлайди. Ва буни уддалайди ҳам!» деган эди бир пайтлар айни шу смартфонни ишлаб чиқарувчи компанияга асос солган Стив Жобс. Ҳа, худди шундай – С.Аллен ҳам бошқалар уриниб кўрмаган ишга қўл уриб, бунинг уддасидан чиқа билди! Бироқ бунинг ўзи бўлмади...

Лойиҳа устида ишлаш нақ 4 ой вақт олди. Мазкур ғояни амалга ошириш учун минглаб доллар маблағ сарфланди. Бу пуллар нафақат қимматбаҳо жиҳозларнинг ижараси ва ишлашга сарфланди, балки уларга нақ учта янги iPhone 7 ҳамда ўта кўплаб миқдорда адаптерлар харид қилинди. Тирқиш очишга уринишда синдирилган бошқа бутловчи қисмларни янгилашга ҳам харажат қилишга тўғри келди.

Охир-оқибатда, Скотти Аллен 3,5 миллиметрлик тирқишга эга ўз платасини яратди, iPhone 7 корпусини тешди ва буларнинг барчасини ишлата билди!

Мана, ўзингиз томоша қилинг:

 

Эслатма: «Terabayt.Uz» таҳририяти сизга бу тажрибани такрорлаб кўрмасликни маслаҳат беради. Бу каби уринишлар сабабли қурилмангизда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай носозлик учун ўзингиз масъул бўласиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.