iPhone 8 чиққач, Android-смартфонлар қандай ўзгаради?

iPhone 8 чиққач, Android-смартфонлар қандай ўзгаради?

Apple’нинг инноваторлиги кўпинча унинг рақобатчиларига ҳам яхшигина туртки беради. Жумладан, унинг смартфонлари ҳар бир авлод моделида бир қанча смартфонсозлар учун йўналишлар берган.

Кўпчилик кўз тикаётган «юбилей» смартфони – iPhone 8 модели тақдимотига ҳам оз қолди. Таҳлилчи Иван Кузнецовнинг янги айфон чиққанидан сўнг Android-смартфонлар ундан нималарни ўзлаштириши мумкинлиги борасидаги айрим фикрларини AndroidInsider нашри эълон қилган. Келинг, қуйида шуларга бир назар соламиз.

Дисплей

Тўғри, Infinity Display концепцияси Жанубий Кореяда бошланган ва мазкур технология илк бора LG G6 ҳамда Galaxy S8 моделларида қўлланган. Аммо шу технология асосидаги дисплейга эга iPhone 8 чиққанидан кейингина смартфонсозлар уни оммавий қўллай бошлашади.

Тарихга назар солсак, Apple кўпгина янги жиҳатларни ўз қурилмаларига татбиқ этиб, уларни оммалаштириб беради. Унинг рақобатчилари айнан «Олма»дан ўрнак олиб ҳам у қўллаган технологияларга интилишади.

Нархлар

Нархларни қандай шакллантириш – шубҳасиз, ҳар бир бренднинг ўз ҳуқуқи. Бироқ 2017 йилнинг охирларига бориб, бозорда турли смартфонсозларнинг нархи 1000 долларга яқин бўлган флагманлари пайдо бўлиши кутилаётир. Galaxy Note 8 эмас, балки айнан iPhone 8 кўпчилик ишлаб чиқарувчиларга нарх борасида дадиллик бахш этади.

Тўлдирилган реаллик

Тўғри, бу технологияни ривожлантириш борасида Apple’дан анча олдин Google иш бошлаган. Масалан, кўп нарсаларга қодир бўлган Project Tango ва Lenovo Phab 2 Pro кабиларни эслаш ҳам кифоя. Лекин адолатли савол туғилади: ҳозир қани улар? Lenovo ҳамда Google’нинг бу ишланмаларига истеъмолчиларнинг қизиқишлари сусайиб, йўқолиб кетганининг сабаби – компанияларнинг ўзлари бунга қизиқмай қўйишди.

Apple эса бошлаган ишини ташлаб қўймасдан, бу борада ҳам рақобатчиларидан ўзиб кетиши кутилаётир. Натижада унга эргашиб, Android-смартфонлар ишлаб чиқарувчилар ҳам бу каби технологияларни ўз флагманларига жорий эта бошлашади.

Дарвоқе, iPhone 8 флагмани учун қайси жиҳатларни Apple ўз рақобатчиларидан олганлигига қизиқсангиз, мана бу мақоламизга қараб қўйинг.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.