iPhone 8’га хос яна бир инқилобий технология маълум бўлди

iPhone 8’га хос яна бир инқилобий технология маълум бўлди

iPhone сўнгги йилларда аксарият Андроид-смартфонлар билан солиштириб кўрганда, сифатли сурат ва тасвир оладиган камераси билан пешқадам бўлишга ҳаракат қилмоқда. Бу бекорга эмас, айфоннинг кейинги авлодлари учун камера технологиясини яратишга мингга яқин мутахассислардан иборат жамоа бош қотирмоқда. Бир неча йил аввал Apple раҳбари Тим Кук айфон камераси учун 800 нафар эксперт ва ходимлар жалб қилинганини айтган эди ва бу айфоннинг 7-авлодида ўз натижасини берди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Apple корпорацияси iPhone 8 учун ўзига хос камера яратмоқда. Бу камера 3D-фотосуратлар олади ҳамда эгасининг юз қиёфасини сканерлаб, сўнг тизимга киришига рухсат беради. Бу ҳозир биз тўхталадиган инновация эмас.

iOS 11 операцион тизими тақдим қилинганида iPhone 8 билан боғлиқ яна бир муҳим функция маълум бўлди. Янги авлод айфонларида татбиқ қилинган Core ML тизимида ишлайдиган Vision Kit технологияси сунъий ақл ёрдамида ўз фойдаланувчисига бирор объект тўғрисида маълумот беради. Бунинг учун камерани ўша буюмга тутиш кифоя.

Дастурчи Крис Гринингнинг маълум қилишича, гаджет объектларни адашмай танийди ва улар тўғрисида маълумот беради. Жумладан қуйидаги видеода смартфон буюмларнинг номларини деярли адашмай кўрсатяпти. Энг қизиғи, у ҳозирча Apple’нинг айфонини “айпод” деб ўйлаяпти, шунингдек “телефон”, “модем”, “динамик” деган вариантларни ҳам тақдим қилмоқда. Технология ҳозир қайта ишлаш жараёнида.

Тўғри, бу технология ғояси бир неча йил аввал маълум қилинган эди. Эҳтимол, iPhone 8 буюмларни танийдиган илк смартфон бўлиши мумкин. Маълум қилинишича, бу технология рақибларига қараганда 6 баробар тезроқ ишлайди.

Apple янги флагманини 17 сентябрда тақдим қилиши мумкин. Унинг октябр ойида савдога чиқарилиши кутилмоқда.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.