iPhone 8 иштирокида илк фавқулодда ҳолат юз берди

iPhone 8 иштирокида илк фавқулодда ҳолат юз берди

iPhone 8 айни кунда смартфон бозорида диққат-эътиборда бўлиб турган мобил алоқа воситаларидан бири. Бу флагмандан суҳбат чоғида эшитилаётган шовқиндан оммавий шикоят келиб тушгач, Apple бу носозликни тез орада бартараф қилишга ваъда берди.

Бироқ, янги айфон билан боғлиқ бундан ҳам жиддийроқ муаммо келиб чиқиш эҳтимоли пайдо бўлди. Тайванлик оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишларича, бу ерда iPhone 8 Plus флагмани қувват олаётганида ўз-ўзидан портлаб кетган. Суратлардан ҳам гаджетнинг жиддий зарар кўрганини кўриш мумкин.

«Портловчи» қурилма

ОАВ хабарларига кўра, Тайчжун-Сити шаҳарчасида истиқомат қиладиган Ву исмли аёл бир неча кун аввал 64 гигабайтли iPhone 8 Plus харид қилган. Смартфондан фойдаланишнинг учинчи кунида айфон қувват олиш вақтида портлаб кетган.

Фойдаланувчи айфонни қувватлантиришга қўяётганида унинг қувват даражаси 70 фоиз бўлган. Орадан 3 дақиқа ўтар-ўтмас смартфон портлаган ва орқа панел корпусдан ажралиб чиққан. Жабрланувчи айфоннинг қувватлаш қурилмаси оригинал бўлганини алоҳида қайд этган.

Аёлнинг маълум қилишича, у Apple'нинг iPhone 4 моделидан тортиб барча смартфонларидан фойдаланган ва шу вақтгача бунақа фавқулодда ҳолатга дуч келмаган. Қайд этилишича, портлаб кетган iPhone 8 Plus ўрганиш учун заводга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, iPhone 8 бугундан Россияда 985 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.