iPhone 8 модели Apple’нинг катта хатоси бўлиши мумкин

iPhone 8 модели Apple’нинг катта хатоси бўлиши мумкин

KGI таҳлилчиларига кўра, iPhone 8 учун олдиндан буюртмалар аввал тахмин қилинганидан кўра анча суст кетмоқда. Бу хусусда 9to5mac ресурси хабар берган.

Одатда айфонларнинг ҳар бир янги авлоди чиққанида, талабгорлар навбати ақлга сиғмас даражада катта бўларди. Аммо энди аввалгидек, буюртма бериб қўйиб бир ойлаб кутишлар, ундан ҳам олдингидек – Apple дўконлари олдида чодир қуриб ўз навбатини кутиб ётишлар умуман ўтмишда қолиб кетди. Ҳозирда iPhone 8 учун буюртма берсангиз, уни 1–2 ҳафта ичидаёқ қўлга киритишингиз мумкин, дейишмоқда таҳлилчилар.

Хулласи калом, айфоннинг саккизинчи авлод қурилмасининг савдоси у қадар гавжум эмаслигининг сабаби бошқа томонда. Яъни, бу борада мазкур қурилманинг асосий рақобатчиси ҳам бегона эмас, балки... iPhone X бўлиб чиқаётир!

Мана, қуйидаги кўрсаткичларга бир қаранг-да:

KGI ҳисоботида кўрсатилишича, улар томонидан харидорлар орасида сўров ўтказилган. Талабгорларнинг асосий қисми «оралиқдаги» iPhone 8 моделини тезда харид қилиш ўрнига, буюртма берганидан кейин бир неча ой кутиб бўлса ҳам, биратўла «юбилей айфони»ни олишни маъқул кўришмоқда.

Нима ҳам дердик, балки бу – бирданига учта моделни тақдим этиб, деярли бир хил вақтда савдога қўйган Apple’нинг хатосидир?

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.