iPhone 8’нинг энг батафсил видеоси: «юбилей смартфони»ни ҳар томонлама томоша қилинг!

iPhone 8’нинг энг батафсил видеоси: «юбилей смартфони»ни ҳар томонлама томоша қилинг!

Расмий тақдимотидан аввал янги гаджетларнинг хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар тарқалиши анъанага айланиб ҳам бўлган. Бу ҳолат, жумладан, Apple’нинг «юбилей смартфони»га ҳам тегишли. Бу борадаги энг ишончли манбалардан бири – @OnLeaks блоги эса iPhone 8 тасвирланган энг батафсил видеолавҳани тарқатди, деб ёзади Hi-Tech Mail.Ru.

Чиндан ҳам, бу – Apple’нинг кутилаётган флагмани тўғрисидаги бугунги кундаги энг узун ҳамда смартфон ҳар томонлама кўрсатилган видеолавҳадир. Бир томондан қараганда, унда ҳеч қандай янги маълумот йўқ – бу пайтгача iPhone 8 тўғрисида, унинг хусусиятлари ҳақида кўп нарса маълум ўзи. Аммо иккинчи томондан, бу видеороликни кўрибоқ кишининг шу смартфонни харид қилгиси, лоақал қўлига олиб кўргиси келиб қолади. Чунки мазкур гаджет чиндан ҳам мафтункор, бу видеода эса унинг гўзаллиги бор бўйи билан кўрсатилгандек гўё.

Гувоҳи бўлганингиздек, лавҳанинг сўнгида iPhone 8 ҳар томонлама кўрсатилган. Унга кўра, қурилманинг ўлчамлари 143,5x71x7,5 мм.ни ташкил этади. Бу эса, янги флагман iPhone 7 (138,3х67,1х7,1 мм) моделидан бирмунча каттароқ, iPhone 7 Plus (158,2х77,9х7,3 мм) девайсидан эса анчагина кичик эканини англатади.

Турли гап-сўзларга қараганда, iPhone 8 диагонали 5,8 дюймли дисплейга эга бўлади. Олд юзасида Home тугмачаси йўқлигига кўра, бармоқ изи сканери экраннинг ўзига жойлаштирилади. Ҳозирча бу ҳақда тасдиқланган маълумотнинг ўзи йўқ. Аммо куни кеча Qualcomm Technologies компанияси шунга ўхшаш – олдинги бармоқ изи сканерларидан тубдан фарқ қилувчи, металл, шиша ва дисплей орқасида жойлашувчи Qualcomm Fingerprint Sensors технологиясини тақдим этди. Балки Apple ҳам шу каби технологияни яратган ва то янги флагманга жорий этмагунича ошкор қилмай турган бўлиши мумкин.

Умуман олганда, iPhone 8 шунчаки янги флагман бўлиб қолмасдан, балки, анчадан бери ўз смартфонларини тубдан янгиламаган Apple учун тараққиётнинг янги босқичи бўлади. Шунингдек, илк iPhone чиққанидан буён ўн йил ўтганини инобатга олсак, юбилейга ажойиб совға бу!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.