iPhone 8 Plus’да яна бир муаммо чиқди!

iPhone 8 Plus’да яна бир муаммо чиқди!

Янги iPhone 8 Plus смартфонида яна битта «ишкал» чиқди – гаджетнинг экрани корпусдан ажралиб қолди. Ҳозирда Apple корпорацияси бу муаммони ўрганиб чиқмоқда, деб ёзади Washington Post.

Мазкур муаммо ҳақида Magokoro0511 никли фойдаланувчи ўзининг Twitter-аккаунтида хабар берган.

У тармоққа жойлаган фотосуратлардан кўриниб турибдики, iPhone 8 Plus’нинг ҳали қутисини янги очган пайтидаёқ унинг олд қисми асосий танасидан сал ажралган экан. Magokoro0511’нинг таъкидлашича, эртаси кунигача экран янада кўпроқ ажралиб қолган.

Худди шундай ҳолат яна бир харидор – Тайванлик аёлда ҳам учраган. У ўзининг iPhone 8 Plus’ини қувватлашга қўйганидан сўнг экрани ажралиб қолган.

Дастлабки тахминларга кўра, бу иккала ҳолатда ҳам шикастга батареянинг шишгани сабаб бўлиши мумкин. Apple вакиллари эса, мазкур муаммодан хабардор эканликларини, уни ҳал этиш устида ишлаётганларини айтишган.

Эслатиб ўтамиз, Apple Watch Series 3 смарт-соатларида юзага келган нуқсон сабабли купертинолик гигант расман баёнот бериб, айбини тан олган эди. Шунингдек, iPhone 8 ҳамда 8 Plus эгалари ҳам телефонда гаплашиш чоғида динамикдан жонга тегувчи шовқин чиқаётганидан нолишган ва мазкур нуқсон дастурий таъминот билан боғлиқлигига ҳам Apple иқрор бўлган. «Юбилей айфони»даги хатони – Face ID адашиши мумкинлигини ҳам Apple расман тан олган эди. Булардан ташқари, яна бир фойдаланувчининг iPhone 8 Plus қурилмаси қувват олиш пайтида портлаб кетганидан ҳам хабарингиз бор.

Дарвоқе, iPhone 8 ҳамда 8 Plus смартфонлари пойтахтимиздаги «Малика» савдо мажмуаси дўконларида сўмга сотилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.