iPhone 8 Plus – «энг портловчи» смартфонми?

  •   DiMaX
  •  1885
  •  05.10.2017 15:41

iPhone 8 Plus – «энг портловчи» смартфонми?

Яқинда тайванлик бир фойдаланувчининг iPhone 8 Plus русумли смартфони портлаганида, кўпчилик буни тасодифга йўйган эди. Apple’нинг олдинги гаджетларида ҳам шу каби ҳолатлар битта-яримта учраб турарди-да. Аммо бу гал аҳвол бошқачароқ: купертинолик гигантнинг янги флагмани дунё бўйича ўз нуқсонларини намоён этаётир, деб ёзади MacRumors.

Тайванлик оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишларича, бу ерда iPhone 8 Plus флагмани қувват олаётганида ўз-ўзидан портлаб кетган. Кейинроқ iPhone 8 ҳамда 8 Plus эгалари ҳам телефонда гаплашиш чоғида динамикдан жонга тегувчи шовқин чиқаётганидан нолишган ва мазкур нуқсон дастурий таъминот билан боғлиқлигига ҳам Apple иқрор бўлган.

Булардан ташқари, айни шу моделдаги смартфонларнинг экрани асосий корпусдан ажралиб қолиши бўйича ҳам ҳолатлар кузатилган. Буларга батареянинг шишгани сабаб бўлиши тахмин қилинган. Apple вакиллари эса, мазкур муаммодан хабардор эканликларини, уни ҳал этиш устида ишлаётганларини айтишган.

Муаммолар шулар билангина тугамайди. Кейинчалик Японияда, Грецияда, Гонконгда ва Канадада ҳам фойдаланувчиларнинг iPhone 8 Plus русумли қурилмалари корпуси ажралиб кетган. Буларнинг барчаси батареянинг шишгани билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Тағин, юқоридаги ҳолатларнинг кўпчилигида гаджетни харидорга етказиб бериш чоғидаёқ бу нуқсон мавжудлиги аниқланган. Яъни, фойдаланувчи смартфонни харид қилиб, қутисини очиб кўрганидаёқ унинг батареяси шишган ва корпуси ажрала бошлаган бўлган. iPhone 8 Plus’ларнинг айримлари эса қувватлаш жараёнида аккумулятори шишиб, эгасининг кўзи олдида корпуси ажралиб кетган.

Юқоридаги хабарларда биттагина кишини сал хотиржам қилувчи томони бор – у ҳам бўлса, батареяларнинг портлаши билан боғлиқ кўпчилик ҳолатлардаги каби, янги айфон аланга олиб кетмаган.

Тўғри, Apple компанияси юқоридаги ҳолатлар бўйича расмий текширув ишларини бошлаб юборган, аммо барибир кишиларнинг унга ихлоси камайиши мумкин.

Хабарингиз бор, iPhone 8 ҳамда 8 Plus смартфонлари пойтахтимиздаги «Малика» савдо мажмуаси дўконларида сўмга сотилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!