iPhone 8 ва 8 Plus эгалари аллақачон муаммолардан шикоят қила бошлашди

iPhone 8 ва 8 Plus эгалари аллақачон муаммолардан шикоят қила бошлашди

Apple компаниясининг янги тақдим этган моделлари одатда муаммосиз чиқмайди, фақат iPhone 7 моделигина бундан мустасно бўлган. Аммо саккизинчи айфонга келиб, компания яна «ишкал» чиқарди, деб ёзади AppleInsider нашри.

MacRumors қўллаб-қувватлаш форуми маълумотларига кўра, айрим iPhone 8 ҳамда iPhone 8 Plus эгалари шикоят қила бошлашган. Улар телефонда гаплашиш чоғида динамикдан жонга тегувчи шовқин чиқаётганидан нолишган. Кўринадики, мазкур муаммо АҚШдан тортиб Австралиягача бўлган барча ҳудудларда ва асосийси – кўп сонли фойдаланувчиларда учрамоқда. Бу эса қурилманинг дастурий таъминотида якунига етмаган ўринлар мавжудлигидан далолат беради.

Нуқсоннинг айнан дастурий таъминот билан боғлиқлигини кўрсатувчи омил ҳам мавжуд: бу шовқинни бартараф этиш учун ташқи гарнитурани улаш ёки мулоқотни динамик орқали гаплашиш режимига ўтказиш кифоя.

«Бу – юқори частотали чирсиллаган товуш, худди аудиоколонка ёнида телефон жиринглаганида чиқадиган овозга ўхшаш, – деб ёзишмоқда форумда. – Қулоқчин ёки динамик режимига ўтганда бу шовқин йўқолади. Шунингдек, телефондаги суҳбатдошга ҳам у эшитилмайди».

Хабарда айтилишича, Apple’нинг АҚШдаги бўлинмаси ходимлари бу масала бўйича ўз жавобини берган. Компания вакилларининг сўзларига ишонадиган бўлсак, «мазкур муаммо фойдаланувчиларнинг кам фоизида учрамоқда, у динамикнинг шикастланиши билан боғлиқ эмас ва навбатдаги янгиланишлардан бирида бартараф этилади».

Мазкур нуқсон iOS 11.0.2 операцион тизим талқини билан йўқолишидан умид қилишмоқда. Кутайлик-чи...

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.