iPhone 8 ва iPhone 8 Plus: флагманларга оид 8 ҳақиқат

iPhone 8 ва iPhone 8 Plus: флагманларга оид 8 ҳақиқат

Кеча смартфон оламининг "тош-тарозиси" бўлмиш Apple корпорацияси "Стив Жобс театри"да юбилей айфони билан бирга, iPhone 8 ва iPhone 8 Plus флагманларини ҳам тақдим қилди. Қуйида ана шу иккала смартфонларга оид маълумотларни тақдим қиламиз. 

1. Дизайн

Тақдимот чоғида экранда смартфон дисплейи намойиш этилиши билан зал бир ютиниб қўйди. Боиси, iPhone 8 дизайни аввалги -- iPhone 6/6s/7 дизайнидан умуман фарқ қилмас эди ва уни барча iPhone 7s деб ўйлади.

Бироқ, бу -- iPhone 8 бўлиб чиқди.

Иккала флагманларнинг ҳам олд ва орқа корпуси махсус -- 7 қаватли ўта пишиқ шишадан тайёрлангани эълон қилинди. Бу корпусларни алюминий синч бириктириб турибди. Бу анъана илк маротаба афсонавий iPhone 4 ва 4s моделларида татбиқ қилинган эди.

2. Дисплей

Дисплей ҳам танишдек: янги iPad Pro каби True Tone технологияси тасвирни ташқи кўриниш асосида акс эттиради. Мисол учун, кўчада тасвир ёрқин тус олса, ичкарида нисбатан "илиқ" рангларда тасвирланади.

iPhone 8 – 4,7 дюймли қуюқ кристалли, 1334 × 750 пикселли дисплей (ҳар дюймда 326 та белги), iPhone 8 Plus – 5,5 дюймли, Full HD (1920 × 1080, ҳар дюймда 401 та белги) қуюқ кристалли дисплейга эга бўлган.  

Янги iPhone 8 ва iPhone 8 Plus дисплейи бошқа ҳеч нимаси билан аввалгиларидан фарқ қилмайди. 


3. Камера

iPhone 8 флагмани орқа панелида яп-янги 12 мегапикселли ва битта сенсорли камера ўрнатилган. Бу камера юқори сифатли тасвир олишни ваъда бермоқда.

Камералар тасвирни оптик барқарорлаштиради. Унинг пиксел сиғими iPhone 8 Plus'ники билан бир хил – 12 Мп. Ҳар иккала камераларда янги ёруғлик линзалари ўрнатилган бўлиб, унинг диафрагмаси f/1.8 ва f/2.8. 

Қўш камерали iPhone 8 Plus'да янги функция мавжуд – Portrait Light. Бунда камера ёруғлик даражасини аниқлаштириб, керакли ёруғликни мустақил равишда қўшади. "Портретли остки-ёритиш" режими суратларни "студия-сифати"да муҳрлаш имконини беради.  

Шунингдек, камера секундига 60 кадрли 4K сиғимли ёки секундига 240 кадрли 1080p (Full HD) видео ёзади. 
Камерага алоҳида "қўшимча воқелик" режими ўрнатилган. Унинг ёрдамида дастурчилар томонидан яратилган иловалар орқали реал воқелик технологиясига асосланган ўйинларни ўйнаш ёки иловалардан фойдаланиш мумкин. Мисол учун, 3 ўлчамли интерактив иловалардан. 

4. Платформа

Хабар берганимиздек, бу гал ҳам янги айфон самарадорликда барча смартфонларни ортда қолдирди. Боиси, iPhone 8'даги "юракча" – янги A11 Bionic процессори. iPhone 8 2 Гб, iPhone 8 Plus 3 Гб тезкор хотирага эга.

64 бит ва 6 ядроли процессор аввалги -- iPhone 7 ва iPhone 7 Plus эга бўлган Apple A10 Fusion чипидан 25 % самарали ишлайди. Талқинидан келиб чиқиб, смартфонлар 64 ёки 256 гигабайтли доимий хотираларга эга бўлган.  


5. Виртуал воқелик 

iPhone 8 ва iPhone 8 Plus видео-картаси реал воқелик графикларини қайта ишлайди ва атрофимиздаги виртуал буюмларни кўришга хизмат қилади. Унинг ёрдамида виртуал саёҳатлар қилиш ва бевосита виртуал объектлар билан алоқага киришиш мумкин.  

6. Симсиз модуллар ва алоқа

iPhone 8 смартфонида Bluetooth 5.0 симсиз алоқа стандарти ва симсиз қувват олиш технологияси татбиқ қилинган. Apple смартфонлари илк маротаба махсус док-станцияда симсиз қувват олиш стандартига эга бўлди. Бахтга қарши, бу янгилик эмас.

Смартфонлар алоқанинг LTE Advanced ва LTE 5.0 тармоқларида ишлайди.


7. Қанча туради?  

Смартфон 2 талқинда сотувга чиқарилади -- 64 Гб ва 256 Гб доимий хотира билан. Уларнинг тезкор хотира сиғими 2/3 Гб. Смартфонлар кумуш, тилла ранг ва "самовий кул ранг"ли корпусларда ишлаб чиқарилади.

АҚШда iPhone 8 $700, Plus моделининг энг арзони $799 доллардан сотувга чиқарилади. 


8. Қачондан сотилади? 

15 сентябрдан iPhone 8 ва iPhone 8 Plus'га олдиндан буюртма бериш мумкин. 22 сентябрдан эса смартфонларнинг илк партияси сотувга чиқарилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Мавзу:

#iPhone 8

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.