iPhone’да кераксиз қўнғироқ ва SMS’ларни қандай бошқариш мумкин?

iPhone’да кераксиз қўнғироқ ва SMS’ларни қандай бошқариш мумкин?

Эҳтимол, вазият тақозоси билан сиз ҳеч бўлмаганда бир маротаба у ёки бу абонент номерини блокировка қилиб қўйишга мажбур бўлгандирсиз. Бу ҳадеб адашиб қўнғироқ қиладиган бирор фойдаланувчи, чегирмаларидан хабардор қилишни истаган дўкон, тинмай хабар юборадиган бирор танишингиз ёки сизга “гап отиш” истагида бўлган кимдир бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар деярли ҳар куни учраши мумкин ва бу вазиятда энг яхши ечим – шу рақамни блокировка қилиш. Буни қандай амалга ошириш мумкин? Бу жуда оддий.

Компания кераксиз қўнғироқ ёки хабарларнинг олдини олишда 3 та муҳим ечимни таклиф қилади – телефон орқали, FaceTime дастури ҳамда SMS-хабар орқали.

Телефон орқали

iPhone’ингиздаги контактлар рўйхатини очинг. Асабингизни эговлаётган абонентни белгиланг ва саҳифани юқорига суриб, энг қуйида турган “Абонентни блокировка қилиш” буйруғини танланг.

Агар сизни безовта қилаётган рақам контаклар рўйхатига киритилмаган бўлса, яқиндаги қўнғироқлар орасидан ўша абонент рақамини топинг ва рақамнинг ўнг томонидаг “i” белгисини танланг. Кейин сизга бир нечта буйруқларни танлаш менюси тақдим этилади ва сиз “Абонентни блокировка қилиш” буйруғини танланг.

Блокировка қилинган абонентларни алоҳида рўйхат сифатида ҳам кўриш мумкин. Бу рўйхатни эса “Созламалар-> Телефон –> Блокировка қилинганлар” алгоритми орқали топасиз. Худди шу ердан ўзини яхши тутаётган муайян абонентни блокировкадан чиқариш имкониятига эга бўласиз. Бунинг учун бармоқни абонент рақамидан ўнгдан чапга томонга сурасиз ва “Блокировкадан чиқариш” амалини танлайсиз.

Блокировка рўйхатига тушган абонентлар энди қўнғироқ ва хабарлари билан сизни безовта қилмайдилар. Улар энди қўнғироқ чоғида аввалига узун сўнг қисқа гудок эшитишади ва бу қўнғироқ сизга сезилмайди ҳам.

FaceTime орқали

FaceTime дастурига кириб кераксиз телефон рақами ёки абонент рақами ёнидаги “i” маълумот белгисини танланг ва саҳифа қуйисидаги “блокировка қилиш”ни танланг.

SMS-хабар орқали

«SMS-хабар»га кириб, сизга юборилган хабарни танланг ва “Батафсил” бўлимига кириб “i” маълумот белгисини танланг ва экранни юқорига суриб, “Абонентни блокировка қилиш” буйруғини танланг.

Блокировка қилинган телефон номер ва контактларни бошқариш алгоритмлари:  

Телефон: “Созламалар” (Настройки) менюси > “Телефон” > “Блокировка қилинганлар” (Заблокированные).

FaceTime: “Созламалар” (Настройки) менюси > FaceTime > “Блокировка қилинганлар” (Заблокированные).

SMS-хабар: “Созламалар” > “SMS-хабар” > “Блокировка қилинганлар”.

iMessage орқали хабарларни фильтрлаш:  “Созламалар” менюси > “СМС-хабар” > “Юборувчилар бўйича хабарларни фильтрлаш” параметрини ёқиш.

Шунда “Хабар” дастурида “Нотаниш смс-жўнатувчилар” саҳифаси пайдо бўлади. Бироқ, сиз бу рўйхатдаги абонентлардан iMessage хабарларини олганлик ҳақидаги огоҳлантиришларни олмайсиз.

“Хабар” дастуридаги нокерак хабарлар юзасидан шикоят йўллаш

iOS 8.3 операцион тизими ва ундан кейинги талқинлардаги “Хабар” дастурида кераксиз деб топилган iMessage хабарларни белгилаш мумкин. Сизнинг контакт рўйхатингизда бўлмаган абонентдан сизга малол келган хабар келганида мазкур менюдаги “Спам ҳақида огоҳлантириш” буйруғини танлаб, жўнатувчи ҳақидаги шикоятни Apple’га юбориш мумкин.

Кераксиз хабарлар бўйича Apple компаниясини огоҳлантириш

Агар сиздаги айфонда iOS 8.3’гача бўлган операцион тизим бўлса, кераксиз хабарни очиб, экранни суратга олинг. Суратда хабар келган электрон почта ёки iMessage юборилган телефон рақам, хабар юборилган ва қабул қилинган вақт кўринсин. Сўнг мазкур суратни [email protected] электрон почтасига юборинг.

Шунингдек, кераксиз SMS ёки MMS хабарлардан чарчаган бўлсангиз, сизга хизмат кўрсатаётган операторга мурожаат қилинг.

Қўшимча фойдали маълумот

Бирор йиғилиш ёки шароит боис қўнғироқларни вақтинча блокировка қилиш керак бўлиб қолса, “Безовта қилмаслик” (Не беспокоить) режимини танлаб қўйинг. Шундан сўнг айфон қурилмангизда овозли қўнғироқ ва огоҳлантиришлар ўчириб қўйилади.

Агар сиз ўзингизни ҳам кимдир қўнғироқ қила олмайдиган қилган ёки “қора рўйхат”га туширган ё туширмаганлигини билмоқчи бўлсангиз, унга бирор мессенжердан хабар юборинг ёки хабар ҳолатини кузатиб боринг. Агар ўша абонент сиз юборган хабарни ўқиганлиги тасдиқланса, лекин унга ўша вақтда қўнғироқ қила олмасангиз, унда табригимизни қабул қилинг – сиз “блокировкадагилар” қаторидасиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!