iPhone’даги ҳозироқ ўчириб қўйиш керак бўлган тўртта созлама

  •   DiMaX
  •  2936
  •  26.01.2018 13:20

iPhone’даги ҳозироқ ўчириб қўйиш керак бўлган тўртта созлама

Apple смартфон ва планшетлари кўплаб фойдали функцияларга эга бўлиб, фойдаланувчлар уларнинг аксариятини билмасликлари ҳам мумкин. Шу билан бирга, iPhone ва iPad’ларнинг «зарарли» функциялари ҳам борлигидан хабардормисиз?

ЎҚИНГ: iPhone ёки iPad кэши ва хотирасини тозалаймиз

Гап шундаки, Apple қурилмаларидаги бошланғич созламалар улардаги турли сервисларни такомиллаштириб бориш учун маълумотларни тўплашга ва Apple’га узатиб туришга мосланган. Бу маълумотларни мунтазам юбориб туриш эса девайснинг қувватига, тизим ресурсларига ва... сизнинг интернет-трафигингизга салбий таъсир этади. Шундай экан, уларни ўчириб қўйиш нафақат безарар, балки ҳатто фойдали ҳам!

Қани, кетдикми?

Иловалар жонингизга тегмаслиги учун...

iPhone ҳамда iPad’лардаги кўпчилик дастурлар аксарият ҳолларда фойдаланувчиларга мурожаат этиб, App Store’да уларни баҳолашини сўрашади. Шу боис тушган кўплаб шикоятлар туфайли Apple ҳар бир иловадаги бундай билдиришномаларни имкон қадар чеклаб қўйган. Шунга қарамасдан, сизга билдиришнома юбориб турадиган иловалар кўп.

Бундай билдиришномалардан биратўла халос бўлишда эса iOS’нинг ўзи ёрдам беради. Бунинг учун «Созламалар» («Настройки») менюсидаги «iTunes Store и App Store» бўлимига кирасиз. Шу ерда иловаларни баҳолаш ва улар ҳақида фикр юбориш учун «Оценки и отзывы» деган банди бор. Ўшани ўчириб қўйсангиз, кейин дастурларни баҳолашингизни сўраб билдиришнома юбормайди.

Видеоларни ўзингиз бошқаринг!

App Store каталогида 2017 йили ўтказилган янгиланишдан кейин, ундаги иловалар саҳифаларидаги видеолар автоматик тарзда ижро этиладиган бўлиб қолган. Бир қараганда бу айтарли муаммо эмас, аммо кўплаб видеолар, хусусан, ўйинлар трейлерлари кутилмаганда баланд овоз билан бошланиб кетади. Бу эса аксарият ҳолларда ёқимли бўлмайди, қолаверса, бу ҳол интернет-трафикнинг ҳам кушандаси ҳисобланади.

App Store’даги иловалар саҳифаларида видеоларнинг ўз-ўзидан бошланиб кетишини ўчириб қўйиш жуда осон. Буни амалга ошириш учун яна ўша «Созламалар» («Настройки») менюсидаги «iTunes Store и App Store» бўлимига кирасиз. Видеоларнинг автоматик ижро этилишини созлайдиган «Автовоспр. видео» қисмини очиб, ўчиқ ҳолатини англатувчи «Выкл» бандини белгилаб қўясиз. Шундан сўнг App Store’даги роликлар сизни безовта қилмай қўяди.

Маълумотларингизни Apple’га жўнатиш шартмас

iOS тизимини такомиллаштириш мақсадида Apple компанияси мунтазам тарзда фойдаланувчиларнинг iPhone ва iPad’ларидан маълумотларни тўплаб боради. Нима бўлибди, шунга шунчами, дерсиз балки? Афсуски, операцион тизимнинг iOS 11 талқинида бу борада етарлича муаммолар мавжуд. Фойдаланувчиларнинг шикоятларига ва ишлаб чиқувчиларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, бу борада аҳвол ҳеч ўнгланмаяпти...

Умуман олганда, сиз нега ўз шахсий маълумотларингизни Apple’га тақдим этиб боришингиз керак? Тағин, бу жараён iPhone ёки iPad’ингиз ресурсларини кўп талаб қилса, батарея қувватини пасайтириб юборса, вақтингизни ўғирласа, мегабайтларингизни кўп сарфласа – зарурми шу?

Хулласи калом, Apple’га маълумотларингизни узатиб бориш функциясини чеклаш учун «Созламалар» («Настройки») менюсининг «Махфийлик» («Конфиденциальность») бўлимига кирасиз. Ундан эса «Таҳлил» («Анализ») деган жойга ўтиб, қурилма таҳлили маълумотларини тақдим қилишни англатувчи «Делиться Анализом iPhone» бандидан белгичани олиб ташлайсиз.

Бефойда «Хариталар»ни такомиллаштириш сизга қараб қолмаган!

Apple’нинг «Хариталар» («Карты») иловасини бизда жуда кам сонли фойдаланувчилар ишлатади.  Бунга ажабланмаса ҳам бўлади, чунки купертинолик гигантнинг картографик сервиси асосан АҚШ, Хитой ва айрим Европа мамлакатларига эътибор қаратилган ҳолда янгилаб ва яхшилаб борилади. Бизнинг ҳудудларда эса бундан бошқа исталган харита-навигация сервиси яхшироқ ишлайди.

Бошланғич созламаларга кўра, iPhone мазкур «Хариталар» иловаси орқали ҳам кўп маълумотларни Apple’га узатиб туради – улар асосида купертинодаги мутахассислар ушбу дастурий таъминотни ривожлантириб боришади. Аммо бу ривожлантиришнинг, юқорида таъкидлаганимиздек, бизга умуман кераги йўқ. Шундай экан, бу фойдасиз ишга тизим ресурсларини, аккумулятор қувватини ҳамда қимматли мегабайтларингизни сарфлаш асло шарт эмас.

Мазкур функцияни ўчириб қўйиш эса «Созламалар» («Настройки») менюсининг ўша «Махфийлик» («Конфиденциальность») бўлими орқали амалга оширилади. Бу бўлимдаги геолокация хизматларини акс эттирувчи «Службы геолокации», ундан эса тизим хизматлари – «Системные службы» бўлимига ўтасиз. Мана шу жойдаги тўртта – «Анализ iPhone», «Маршрутизация и трафик», «Популярное рядом» ҳамда «Улучшение Карт» бандларини ўчириб қўйсангиз бўлди.

Созламаларда юқоридаги функцияларни ўчириб қўйиш орқали сиз ўз iPhone ёки iPad’ингизнинг қувватини, ресурсини ҳамда интернет-трафикни яхшигина тежайсиз.

ЎҚИНГ: Смартфондан ўчириш керак бўлган 5 та илова

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.