iPhone’нинг кераксиз иловаларидан Дональд Трамп услубида қутуламиз!

iPhone’нинг кераксиз иловаларидан Дональд Трамп услубида қутуламиз!

АҚШ президенти Дональд Трампнинг смартфонида биттагина дастур – Twitter мобил иловаси борлиги шу йил баҳорда маълум бўлган эди. Ўшанда бу хабарни кўпчилик оддий ҳолдек қабул қилган.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, шундай давлат раҳбарининг ўз вақтини смартфондаги иловалар билан ўтказишдан кўра муҳимроқ ишлари борлиги турган гап. Қолаверса, New York Times журналистларининг аниқлашларича, АҚШ президенти смартфонида ҳатто одатий – iPhone’га заводнинг ўзидаёқ ўрнатиладиган стандарт веб-браузердан фойдаланиш имкониятидан ҳам маҳрум экан. Шунингдек, Дональд Трамп умуман ноутбук ҳам ишлатмаслиги маълум бўлган.

Аммо ўйлаб қарасак, iPhone’ларда стандарт иловаларни ўчириб ташлаш имкони йўқ-ку, қанақасига Трампнинг айфонида бошқа илова бўлмаслиги мумкин? Бу борада кўпчилик: «Эҳтимол, Apple компанияси АҚШ президенти учун эксклюзив тарзда биттагина иловаси мавжуд бўлган ягона нусхадаги смартфон тақдим этгандир», деб ўйлаб қўяверган.

Аслида эса асло унақа эмас. Гарчи ўз қурилмаларидаги иловаларга фойдаланувчиларнинг аралашувини Apple унча ёқтирмаса-да, ҳатто сиз ҳам смартфонингизни Safari, FaceTime ёки iMessage каби ўчириб бўлмас иловалардан тозалай оласиз! Бунинг сирини AppleInsider сайти ўз мухлислари билан баҳам кўрган.

Келинг, iPhone’ингизни кераксиз, аммо қайсар иловалардан Дональд Трамп услубида тозалашни биргаликда кўриб чиқамиз.

Бунинг учун ундаги «Созламалар», яъни «Настройки»га кириб, «Асосийлари» – «Основные» бўлимидаги «Чекловлар» – «Ограничения»ни очасиз.

Агарда смартфонингизда Чекловлар олдиндан ўрнатилган бўлса, унинг паролини киритасиз. Бордию аввал ўрнатилмаган бўлса, у ҳолда варақани очиб, янги чеклов ўрнатасиз.

Очилган саҳифада сиз киришни чеклаш мумкин бўлган иловалар рўйхатини кўрасиз. Бунинг учун тегишли илова рўпарасидаги – суриш ёрдамида ўчириб-ёқиладиган фаоллаштириш тугмачасини «Ўчиқ» («Выкл.») ҳолатига келтирсангиз кифоя.

Шу тариқа, кераксиз иловаларни ўчириб қўйсангиз, улар айфоннинг иш столида кўриниб турмайди ва фон режимида ишлашдан ҳам тўхтайди.

Уларни яна ўз ҳолига келтириш учун эса, юқорида тасвирланган амалларни тескарисига бажарсангиз бўлгани – олам гулистон!

Хўш, Дональд Трамп услуби сизга ёқдими? Дўстларингиз билан баҳам кўришни унутманг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.