iPhone SE (2017): йилнинг энг муносиб ўртаҳол смартфони

iPhone SE (2017): йилнинг энг муносиб ўртаҳол смартфони

2016 йилнинг, 21 мартида тақдим қилинган, икки таниқли айфон моделларининг гибриди ҳисобланган iPhone SE смартфонининг дизайни эски iPhone 5s'ни ҳамда унинг техник хусусиятлари “катта акаси” iPhone 6s`ни эслатади. Шу билан бирга, мазкур ихчам айфонда дизайн янада такомиллашиб, техник хусусиятлар имконияти оширилган. Ихчамлик эса нарх-навога ҳам таъсир ўтказмай қолмаган. iPhone SE 2017 йилда янги, яъни каттароқ хотирада тақдим қилинди. Хўш, у қандай имкониятларга эга? Қуйидаги тавсифда ана шу саволга жавоб излаб кўрамиз.

 

iPhone SE комплекти ва дизайни

Смартфон қадоғидаги буюмлар Apple учун стандарт ва бу ерда харидорга аталган бирор сюрприз йўқ. Қадоқда қуйидагилар тақдим қилинади:

iPhone;

Apple EarPods аудио қулоқчинлари (унда бошқарув пульти ва ичкарига ўрнатилган микрофон мавжуд);

Lightning/USB кабели;

Тармоқ адаптери;

Қўлланма.

SE ўзининг истара ва қиёфасини 5S флагманидан кўчириб олган бўлса ҳам, корпус билан амалга оширилган косметик ишловлар кўзга ташланади. Корпус материали эса ўзгармаган: алюминий металл айфон пишиқлигига хизмат қилади. Ён томон панеллари бу гал дағал кўринишга келтирилган, аввалги талқинда эса бу қисмларга сайқал берилган эди. Ишлаб чиқарувчининг бу қарори диққатга сазовор, боиси ён панелларнинг дағал бўлгани уларнинг ейилиб кетмаслигига хизмат қилади.

iPhone SE смартфони аввалига 6S каби 3 рангда ишлаб чиқарилган:

Silver (кумуш);

Space Grey (кул ранг);

Gold (тилла).

Бир муддат ўтиб уларнинг сафига қўшилган Rose Gold (оч-тилла ранг) бу айфоннинг жозибадорлигини янада оширган. Бу рангдаги айфонлар, айниқса аёллар орасида жуда оммалашган.

iPhone SE корпусининг ўлчами:

Ёнига — 58,6 мм;

Бўйига — 123,8 мм;

Қалинлиги — 7,6 мм.

Девайс 113 грамм тош босади. Кўриниб турибдики, гибрид айфон ишлаб чиқариш жараёнида Apple имкон қадар ихчам смартфон тайёрлашга урғу қаратган. Бу гаджетда тубдан бирор ўзгаришни кўриш қийин.

iPhone SE корпуси бўйлаб тугмаларнинг жойлашуви ҳамда функционал портларнинг ўринлари "Олма"нинг барча маҳсулотларига хос. 

Корпуснинг чап ёнида овозни бошқариш ҳамда блокировка қилиш тугмалари жойлашган.

Олд панелнинг юқори қисмидан олд камера ўрин эгаллаган. Экран қуйисида эса юмалоқ бош тугма мавжуд. Унда бармоқ излари сканери татбиқ қилинган.

Корпуснинг остки қисмида юқори сифатли овоз таратадиган динамиклар, наушник учун аудио туйнук ҳамда USB порт учун жой ажратилган.  

Орқа панелга ўтамиз: бу панелнинг ўнг томон юқори қисмида бош камера модули мавжуд. Ундан қуйироқда эса корпорациянинг тишланган олма логотипи бор.

Дарвоқе, бу олма белгисини ишлашда ҳам бир қатор ўзгаришлар кузатилади. Оригинал iPhone 5S моделида бренд белгиси панелга бир оз кирган бўлса, iPhone SE'да логотип бир оз бўртма дизайнда жойлаштирилган.

Корпуснинг ҳимояланганлик даражаси масаласида 2 хил ёндашув мавжуд. Биринчидан, Apple бу смартфонини ҳеч қачон сув ёки чангга бардошли девайс сифатида реклама қилмаган. Иккинчидан эса, фойдаланувчилар тажриба ўтказиб кўрганлар. Уларнинг фикрларига кўра, SE модели сувдан қўрқмайди. Ҳатто бу гаджет сув тўлдирилган ваннада 15 дақиқа "жон сақлаган". Бу -- юқори кўрсаткич. Гарчи, гибрид смартфон корпуси юқори даражада ҳимояланган бўлса ҳам, уни синовдан ўтказиш учун таваккал қилишни маслаҳат бермаймиз.

 

iPhone SE дисплейи

Қисқача айтганда, SE моделида iPhone 5S экрани ўрнатилган. Унинг диагонал узунлиги 4 дюйм. Экран учун маълум ва машҳур IPS матрицаси танланган. Экрандаги пикселлар сиғими 1136x640 белгини ташкил қилади. Яъни, ҳар бир дюйм майдонга тўғри келадиган пикселлар сони 326 (ppi) белгини ташкил қилади. Дисплейда LED остки ёритиш тизими ўрнатилган. Экраннинг суратни ифодалаш аниқлиги юқори ва ранг-тус узатиш ёрқинлиги фойдаланувчини хурсанд қилади.

Ранглар ўртасида контраст (қарама-қаршилик) ҳам юқори: 800:1. Экран ёруғлигини максимал даражада 500 кд/м2.гача кўтариш мумкин.  Дисплей мультитач функциясини қўллаб-қувватлайди.

Дисплейга ёғ-доғ таъсиридан ҳимоя қиладиган олеофоб қопламаси ётқизилган.

Умуман олганда, 4 дюймли экран тасвирни юқори ёрқинликда ифодалаб беради. Фойдаланувчи видеороликлар намойишидан ҳузур олади. Шу билан бирга, дисплейнинг марказида ҳам, ёнларида ҳам тасвир бир хил акс этади. Бу эса фойдаланувчига ўқин вақтида ҳам, тасвир томоша қилганда ҳам, тасвирдаги ҳар бир  детални аниқ-тиниқ кўриш имконини беради.

 

iPhone SE'нинг платформаси ва техник имкониятлари

Операцион тизим. 3 кун аввал iPhone SE моделини iOS 11.2.1 операцион тизимига янгилаб олиш мумкин бўлди. iOS 11 экран қуйисини босганда пайдо бўладиган «Бошқарув маркази»ни такомиллаштирган: энди фойдаланувчига бу ерга бир нечта тез-тез фойдаланиладиган иловаларни ўрнатиш ёки мусиқани созлаш имкони берилади.

Яп-янги — айфонга файлларни марказлашган ҳолда бошқариш имконини берувчи “Files” иловаси iCloud, Google Drive, Box ва DropBox каби йирик “булутли” хизматларга уланган.

«Хариталар» иловасида энди баъзи биноларнинг, мисол учун савдо марказлари ва аэропортларнинг ички харитаси ҳам киритилган.

iOS 11’да фотосурат ва видеороликларни сақлаб қўйиш учун янгича форматлар татбиқ қилинади. Хусусан, HEVC формати  4K сиғимли видеоларнинг, HEIF (High Efficiency Image Format) эса суратларнинг сифатига таъсир етказмаган ҳолда гаджетга сақлаб қўйишга хизмат қилади.

Процессор. Ихчам смартфонда “Олма”нинг илғор A9 процессори ўрнатилган. 64 битли бу чипнинг фаолияти фойдаланувчини хурсанд қилади. Смартфоннинг буйруқларга нисбатан тезкорлиги 6S'ники билан бир хил.

Тезкор хотира. Apple ҳамёнбоп бўлса ҳам, iPhone SE'га 2 гигабайтли тезкор хотира ўрнатган. Тўғри, бугун 8 ГБ тезкор хотирали андроидлар билан таққослаб кўрганда бу -- жуда кичик кўриниш мумкин. Бироқ, Apple'нинг смартфон тизими ва платформасини мувофиқлаштириш бўйича маҳоратини ҳисобга олсак, бу -- яхши ечим! Бу хотира тезкор фаолият, юқори суръатли интернет учун айни муддао.

Доимий хотира. Apple компанияси бу йил 4 дюймли iPhone SE смартфонининг энг кичик талқинида ўрнатилган доимий ички хотира сиғимини 16 гигабайтдан 32 ГБ.га оширишга қарор қилди. iPhone SE тақдим қилинганида кўпчилик 16 ГБ доимий хотирадан ранжиган эди. Аксига олиб, қўшимча хотира ўрнатиш имконияти ҳам чекланган эди. Шу билан бирга, унинг 64 ГБ доимий хотира талқини ҳам сотилмоқда. 

 

iPhone SE'нинг мультимедиа имкониятлари

Гаджетдаги 12 Мп сиғимли бош камера етарлича кучли. У олган суратдаги ҳар пикселнинг ҳажми 1,22µ. Девайс камерасида 5 линзали объектив, гибрид инфра-қизил фильтр ва объективни ҳимоя қиладиган сапфирдан тайёрланган шиша ўрнатилган.

Фотокамера ёруғлик паст шароитда ҳам яхши сурат олиши билан тилларга тушган. Бунда True Tone фоточақноғининг ўрни бор. Шунингдек, ташқи ёруғлик даражасини назорат қилиш учун махсус датчик ҳам бор. Бу айфон моделининг камераси қуйидаги функцияларни қўллаб-қувватлайди: 

автоматик фокуслаш;

панорама режимида суратга олиш;

сурат олаётганда HDR режимини автоматик равишда ёқиш;

вақтни белгилаб сурат олиш;

суратни барқарорлаштириш;

серияли суратга олиш;

экспозицияни назорат қилиш;

юз-қиёфани таниш;

гео-манзилни аниқлаш.

Видео масаласида ҳам бош камера ўз иқтидорини тўлиқ оқлайди. Унда 3840х2160 пикселли 4К-видео ёзиш мумкин. Шу билан бирга, ҳар секунддаги кадр миқдори 30 (fps) тани ташкил қилади. Қолаверса, камерада HD-видео (1080 ёки 720p) ҳам ёзиш мумкин. Бунда ҳар секунддаги кадр частотаси 30 тадан 60 тагача ташкил қилади. iPhone SE фойдаланувчиси секинлаштирилган видео ҳам ёзиб олиши мумкин.  Бунда ҳар секунддаги кадр частотаси 120 тани ёки HD сиғимда 240 тани ташкил қилади.

Видеороликни ёзганда ушбу функция мавжуд:

автоматик фокус;

3x карра яқинлаштириш;

Юз-қиёфани таниш;

гео-манзилни белгилаш;

кинематографик барқарорлаштириш.

Шунингдек, камерада "шовқинни" камайтирувчи ва овозни сифатли қилиб ёзиб олувчи технология ҳам жорий қилинган.

Селфи олувчи олд камера жуда камтар -- бор-йўғи 1,2 Мп. Бу камера ҳам қиёфани танийди, серияли сурат олади, экспозицияни назорат қилади. Унда 720p сиғимли видео ҳам ёзиш мумкин. Олд камера техник жиҳатдан бир оз кучсиз туйилса ҳам, амалда унинг тасвир олиш маҳорати 6S'никидан яхши. Хусусан, ундаги контрастност ва ранг-тасвир узатиш кўникмаси юқори. Айниқса, Retina Flash функцияси ёрдамида экран ёритиш манбаига айланади.

Қуйидаги суратларга ўзингиз баҳо беринг:

Девайс энг сўнгги аудио ва видео ва бошқа файл форматларни қўллаб-қувватлайди:

сурат (jpg, gif, tiff);

матнли файл (txt, rtf, doc, а также docx);

жадвал (xls, xlsx);

тадимот (ppt, pptx);

pdf-файллар.

Шу билан бирга, iPhone SE архив файлларни ҳам ўқийди ва улардан файлларни ажратиб олади.

Ушбу айфонга мусиқа ва файлларни юклаб олиш учун баъзи шартлар бор:

Персонал компьютерга камида Windows 7 ўрнатилган;

Mac Book эса 10.8.5 тизимига эга бўлган бўлиши керак.

 

iPhone SE "куч-қуввати"

Мазкур девайс Андроид девайслар билан солиштирганда жуда кучсиз батареяга эга бўлган. Аккумуляторнинг электр токи сиғими 1624 мА соат. Шу билан бирга, 4 дюймли экран учун етарли ҳамда Apple яна ўз маҳоратини намойиш қилган:

3G тармоқда 14 соат тинимсиз суҳбат;

12 соат фаол интернет-сёрфинг;

13 соат тинимсиз видеоролик томоша қилиш;

50 соат тинимсиз мусиқа тинглаш;

"Кутиш", яъни нофаол режимда тўлиқ қувват гаджетга 10 кунга етади.

Бироқ, ўйин ўйнашни хуш кўрувчилар смартфонни ҳар 2,5–3 соатда қувватга қўйишлари керак бўлади.

iPhone SE'даги датчик ва модуллар

 

Девайсдаги қўшимча имконият ва функциялар қаторига қуйидагиларни айтиш мумкин

акселерометр;

оралиқ-масофа датчиги;

3-ўқли гироскоп;

Bluetooth 4,2 технологияси.

Албатта, Wi-Fi модули, Siri овозли ёрдамчиси ҳам бор. Унинг ёрдамида  саволларга жавоб олиш, хатларни юбориш ва огоҳлантиришларни овозли ёзиб олиш, мусиқа тинглаш мумкин.

Нарх-наво ва хулоса

2017 йилнинг 25 мартида “Олма” оиласининг ихчам аъзоси бўлган iPhone SE’нинг 64 ГБ талқини 3,380,000 сўмдан сотилган бўлса, ҳозирда, яъни декабрда унинг "Малика"даги баҳоси 3 157 000 сўмни ташкил қилмоқда.

iPhone SE сериясига оид моделлар юртимизда қуйидаги нархларда сотилмоқда:

iPhone SE (16 Гб, silver, rose) – 2 173 000 сўм;

iPhone SE (32 Гб, grey) – 2 419 000 сўм;

iPhone SE (32 Гб, silver) – 2 501 000 сўм;

iPhone SE (64 Гб, gold) – 3 157 000 сўм.

Apple'га хос соддалик ва қулайликни, ихчамликни, iOS тизимига уйғун имконият ва функцияларни ҳис қилиш истагидаги инсонлар учун iPhone SE 4 дюймли смартфонлар орасида энг муносиби. Сифатли экран, металл корпусга жам қилинган технологиялар, хурсанд қиладиган камера, нисбатан янги A9 процессори, 4G алоқа тармоғини қўллаб-қувватлаши, 2 ГБ тезкор хотираси таассуротли.   

Шу билан бирга, 1,2 мегапикселли олд камера, у қадар аҳамиятли бўлмаган 3D Touch’нинг йўқлиги сиз учун қўрқинчи бўлмаса, унда iPhone SE смартфонини харид қилсангиз, афсусланмайсиз.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 2 020 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 2 407 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!