iPhone SE’ни сотиб олиш учун 5 та муҳим сабаб

iPhone SE’ни сотиб олиш учун 5 та муҳим сабаб

 

Эсингизда бўлса, 2014 йилда Apple 4,7 дюймли iPhone 6 флагманини тақдим қилганида кўпчилик мутахассислар йирик ҳажмли смартфоннинг бозорда ўз ўрнини топишига шубҳа билан қараган эдилар. Шундан бошлаб айфоннинг ҳам, ва бошқа компания гаджетларининг ҳам экранлари катталашиб келаётган эди.

Аммо 21 март куни тақдим қилинган сўнгги маҳсулот – IPhone SE билан бирга компания смартфон бозорига iPhone 5S’га хос классик дизайнни ҳам қайтарди. Смартфон М9 ёнпроцессор, А9 асосий процессорига эга, 2 Гб тезкор хотира билан таъминланган. Гаджетда Siri овозли мобиль ёрдамчиси мунтазам ишлайди.

Қуйида эътиборингизга мазкур мобиль алоқа воситасини сотиб олиш учун 5 та сабабни ҳавола қиламиз.

1. iPhone 5S каби ихчам айфон бугунги рақобатчиларига қараганда бир оз кичик бўлса ҳам, у ўзида сўнгги инновацияларни, жумладан iPhone 6S’га хос имкониятларни жамлаган. Сенсор экран, 4K видео ҳамда “жонли фотосурат” (GIF) ёзадиган 12 мегапикселли бош камера, 5 МП олд камера ҳамда суратга олиш жараёнида ёрқинлашадиган ва фоточақноқ вазифасини ўтайдиган монитор ёруғлиги – “retina flash” билан таъминланган.

iPhone 6 тақдим этилганида унинг LTE алоқа тармоғида iPhone 5s’га нисбатан 3 баробар тезкор ишлаши маълум қилинган эди. Худди шунингдек, янги гаджет ҳам мазкур хусусиятга эга. Бу эса қувват манбаасининг узоққа дош беришига хизмат қилади.

Гаджет ёрдамида Apple Pay электрон тўлов тизими орқали тўловларни амалга ошириш мумкин. 2015 йилнинг iPhone 6s’идан фарқли равишда, iPhone SE экранида 3D чертиш технологияси татбиқ қилинмаган.

2. 399 АҚШ долларидан сотилиши маълум қилинган навбатдаги айфон бошқа “аждодлари” орасида ҳамёнбоплиги билан оз-моз мақтанса арзийди, албатта. 399 доллар эвазига $649 доллар турадиган iPhone 6s флагманига хос кўникмаларга эга iPhone SE смартфонини сотиб олиш айфон мухлислари учун катта имкониятдир.

3. iPhone гаджетлари смартфон бозорида доимо фойдаланувчи ишончини оқлаган бренд бўлиб келган. iPhone 5S дизайни ва жозибадорлиги билан iPhone 6’ни ортда қолдирган. Корпусида на антенна лентаси, на камера қавариғи бўлмаган iPhone SE “қад-қомати” тамомила нафис ва симметрик кўринишга эга. Корпус ҳошияларнинг махсус ҳимоя қатлами билан пардозлангани унинг фойдаланишлик даврини узайтиради.

4. iPhone 6 эълон қилинганида унинг кафт учун ноқулай ҳажми кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган эди. Смартфон фойдаланувчилари учун ихчам мобиль қурилмаси зарурлигини компания асосчиси Стив Жобс ҳам кўп маротаба қайд этган эди.

iPhone 5 ҳамда iPhone 5S савдоси юзасидан ўтказилган тадқиқотлар уларнинг айнан ихчам ҳажми ҳам бозорда оммалашишига хизмат қилгани маълум бўлган. Шу сабабли компания айнан шу ихчамликни янги технологик қобилиятлар билан бозорга қайта олиб кирди.

5. Гаджетлар бозорида iOS операцион тизими ва Apple процессори ҳар доим айфонларнинг бошқа смартфонларга қараганда кучли жиҳати бўлиб келган. iPhone SE’нинг процессори аввалги А7’га қараганда самарадорлик жиҳатдан икки баробар кучли экани айтилмоқда.

iPhone SE’нинг дисплейи кичик ҳажмли бўлгани боис, унга ўрнатилган iPhone 6S’ники каби кучли график процессор бу ихчам смартфоннинг тез ишлашини таъминлайди.

Яъни, сиз арзон нарх эвазига Apple’нинг энг тезкор ишлайдиган флагмани соҳибига айланасиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!