iPhone X: аккумулятор сиғими маълум бўлди

iPhone X: аккумулятор сиғими маълум бўлди

Apple'га хос бир одат бор -- тақдимот чоғида янги девайс нуфузига заррача бўлса ҳам доғ теккизадиган маълумотни яширади ва қаттиқ сир сақлайди. Худди шу вазият яқинда намойиш қилинган iPhone X билан ҳам содир бўлди. Тақдимотда унинг муҳим жиҳати бўлмиш батареясининг электр токи сиғими сир сақланди.

Куни кеча ишончли манбалардан бири iPhone X'нинг аккумуляторига оид маълумотни эълон қилди. Маълум бўлишича, унинг "қувват тоши" iPhone 8 Plus'никидан бир оз каттароқ бўлади. iPhone X'нинг экрани iPhone 8 Plus'никидан кичик ва AMOLED матрицали, яъни қувватни кам истеъмол қилади.

Муддаога ўтсак, Хитойнинг TENAA сертификатлаштириш ва телекоммуникация агентлигининг маълум қилишича, iPhone X 2716 мА соат ток сиғимли батареяга эга бўлган. Аксарият флагманлар аллақачон деярли 4000 мА соат ток сиғимига эга бўлган бу даврда, бу қувват айфон номига мос келмаса керак.

Бошқа iPhone'ларда қанача?

iPhone 8: 1821 мА соат
iPhone 7: 1960 мА соат
iPhone 6s: 1715 мА соат
iPhone 6: 1810 мА соат
iPhone X: 2716 мА соат
iPhone 8 Plus: 2675 мА соат
iPhone 7 Plus: 2900 мА соат
iPhone 6s Plus: 2750 мА соат
iPhone 6 Plus: 2915 мА соат

Apple'нинг ваъдаси бор

Дарвоқе, Apple'нинг берган ваъдасига кўра, iPhone X тўлиқ қувват билан аввалги айфонларга кўра узоғроқ ишлайди. Қуйида бунга оид расмий маълулмотларни тақдим қиламиз.
iPhone X 2716 мА соат электр токи билан симсиз тармоқда 60 соат аудио, 13 соат видео ўқийди. Уни тўлиқ қувватлаб LTE тармоғида 12 соат интернетдан фойдаланиш ёки 21 соат суҳбат қуриш мумкин.

Экран кичик, аккумулятор сиғими катта
iPhone X экрани 5,8 дюймли бўлиб, унинг томонлар нисбати 16:9 см.га тенг. 5,5 дюймли iPhone 8 Plus билан солиштирганда, экран 2,6% га кичик. Шунингдек, iPhone 8, iPhone 8 Plus ҳамда iPhone X тезкор қувват олиш технологиясини ҳам қўллаб-қувватлайди. Уларнинг қувватини 30 минутда 50 фоизга тўлдириш мумкин. Бироқ, бунинг учун алоҳида сотиладиган Apple USB-C қувватлаш қурилмаси ва Lightning стандартидаги кабел керак бўлади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.