iPhone X билан "тақашадиган" ҳамёнбоп смартфон сотувда! 9 баробар арзон!

iPhone X билан

Сўнгги вақтларда Хитойнинг кўплаб смартфон ишлаб чиқарувчилари iPhone X флагманининг "нусхалари"ни тайёрлаётгани ҳақида хабарлар қулоғимизга чалиниб турибди. Улар ташқи кўринишидан "олмафон"ни эслатса ҳам, нархи ундан анча паст ва техник жиҳатдан ҳам имкониятлари бир оз чегараланган бўлади. Куни кеча, 29 январда Хитойда ана шундай "ҳаваскор" девайслардан бири сотувга чиқди. «Олма» корпорациясининг клони ҳисобланган бу гаджетга экспертлар ҳам жиддий баҳо беришмоқда.

Бу ерда гап Oukitel U18 модели ҳақида кетмоқда. Унинг баҳоси iPhone X флагманидан 7-9 баробар арзон. Шу билан бирга, унинг функционал жиҳатлари рақибига бир оз ўхшаб кетади. Бу моделнинг "пешонасида" ҳам iPhone X каби ўйиқ мавжуд. Apple смартфонида олд панел тўлиқ дисплейдан иборат бўлса, хитойлик смартфон дисплейининг қуйисида қора ҳошия қолдирилган.

Oukitel U18 смартфони 5,85 дюймли, IPS матрицали, томонлар нисбати 21:9 стандартли, 1512 га 720 пикселли HD+ экранга эга бўлган. Унинг самарадорлиги учун 8 ядроли MediaTek MT6750T процессори масъул. Бу чипсетнинг частота тезлиги 1,5 ГГц. Шунингдек, девайсга Mali-T860 видео-картаси, 4 ГБ оператив ҳамда 64 ГБ доимий хотира ўрнатилган.

Бош камера икки сенсорли: 16 Мп + 5 Мп. Олд камерага 13 мегапикселли камера модули ўрнатилган. USB Type-C порти орқали қувват оладиган 4000 мА соат ток сиғимига эга литий-полимер аккумулятор тезкор қувват олиш технологияси билан таъминланган.

Хитойлик смартфон орқа панели металлдан тайёрланган. Ундаги камералар панелнинг марказида, вертикал ҳолатда жойлашган. Камера модуллари остида эса бармоқ изи сканери мавжуд. Бу сенсор кўпчилик iPhone X фойдаланувчилари учун орзу! Ишлаб чиқарувчининг фикрича, смартфон дастурий алгоритм ҳисобига Face ID технологиясини ҳам қўллаб-қувватлайди.

Янги смартфон ўлчамлари: 150,5 х 73,2 х 10 мм, телефон вазни – 214 грамм.

Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, Oukitel U18 смартфони тез орада Android 8.0 Oreo операцион тизимига янгиланади.

Oukitel U18 моделининг Хитойда расман 170 АҚШ долларидан сотилиши эълон қилинган. Смартфон қора ва тилла рангли корпусларда ишлаб чиқарилмоқда. Экспертларнинг фикрича, нарх ва сифатни таққослаб кўрганда, бу хитойлик гаджет Apple маҳсулотидан анча-мунча яхшироқ.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!