iPhone X'да навбатдаги оммавий носозлик кузатилмоқда

iPhone X'да навбатдаги оммавий носозлик кузатилмоқда

iPhone X фойдаланувчилари муаммо ва носозликларга дуч келишда давом этишмоқда. Бу гал фойдаланувчилардан бири смартфондаги суҳбат динамигида юзага келган ортиқча шовқин ҳамда ғуввиллашдан шикоят қилган.

Айфон эгаси Reddit тармоғида бу носозликдан шикоят қилган ва флагман мусиқа тинглаётганда ҳамда карнайни ёқиб қўйиб суҳбат қилган чоғида ғалати товушлар чиқараётганини маълум қилган. Шарҳ ҳамда изоҳларда яна бир iPhone X эгаси у ҳам худди шундай муаммога дуч келаётганини айтган.

«Овозни баландлатиб мусиқа тинглаётганимда мусиқа сифати шу заҳоти пасайиб, тушунарсиз виззиллашлар юзага келади», – дейилади изоҳларда.

ЎқингiPhone X камераси профессионал фотоаппарат билан таққосланди. Хўш, натижа қандай?

Шу кунларда iPhone X флагманидаги носозликлар боис уни дўконга қайтариш истагида бўлганлар сони ортиб бормоқда.

«Ҳа, менда ҳам олд динамик билан худди шундай муаммо кузатилмоқда. Карнайда нимадир чирсиллаётгандек бўлади. Кеча янги айфонни қайтариш учун дўконга бордим. Уни бошқасига алмаштирган бўлсам ҳам, бу муаммодан қутула олмадим. Сотувчининг гапларига қараганда, бу муаммо аппарат таъминоти билан эмас, дастурий таъминот билан боғлиқ», – дейилади бошқа бир изоҳда.

Айтиш жоизки, бу каби муаммо ва носозлик iPhone 8 смартфонида ҳам кузатилган ва Apple тезда бу камчиликни бартараф қилган. Демак, Apple'нинг баёнотини кутамиз!

Минг доллар турадиган iPhone X эгалари бугунга қадар экраннинг яшил тусга кириши, совуқда фойдаланганда сенсор панелининг ўчиб қолиши каби носозликларга дуч келишмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.