iPhone X’даги Face ID’ни алдашга қарши ниқоблар сотувга чиқди

iPhone X’даги Face ID’ни алдашга қарши ниқоблар сотувга чиқди

Ишончдан кўра шубҳалар кўпроқ

Apple’нинг «юбилей айфони» намойиш этилганидан сўнг ундаги юзни таниш тизими – Face ID борасида ҳар хил гаплар кўпаймоқда. Аввало, айни тақдимотда бу тизим ишламай қолиб панд берди. Қолаверса, мазкур ҳимоя тизимининг хавфсизлик даражаси ишончдан кўра кўпроқ шубҳаларга сабаб бўлаётир.

Хўш, блокдан чиқариш учун Face ID’ни ўрнатиб қўйиш қанчалик хавфсиз ўзи? Айтайлик, рашкчи аёл, эри ухлаётган пайти унинг айфонига юзини кўрсатиб, ҳимоясини ечиши мумкин-ку!?

Тиниб-тинчимаган хитойликлар айни мана шу каби ҳолатлар учун, бўлажак iPhone X соҳибларига мўлжаллаб аллақачон уйқу ниқобларини сота бошлашди! Бу ҳақда Hi-Tech Mail.Ru хабар бераётир.

Face ID қоронғида ҳам кўради

Apple берган расмий ахборотга кўра, iPhone X’нинг инфрақизил камераси инсоннинг юзидаги ўттиз мингга яқин нуқтани таҳлил қилиб чиқишга қодир. Бунинг устига, мазкур тизим қоронғида ҳам ишлайди ва кишининг қиёфасини юқори даражадаги аниқликда танийди.

Демак, хитойликлар ўйлаганидек, хавотирга ўрин борми? Фойдаланувчиларнинг хаёлига дарров шу фикр келди: эгаси ухлаётган пайти унинг юзини смартфонига кўрсатиб, қурилмани блокдан чиқарса бўлар экан-ку?

Аммо Apple компанияси тақдимотнинг ўзидаёқ бу шубҳаларга барҳам берувчи маълумотни етказди. Яъни, агарда эгаси экранга тўғридан-тўғри қараб турмаса, Face ID ишламайди. Яъни, бу тизим юзни таниши учун эгасининг кўзлари камида очиқ бўлиши лозим.

Бошқалари хавфсизроқми?

Face ID тизимининг хавфсизлигидан хавотир олаётганлар муҳофазанинг бошқа усуллари ҳам унчалик ишончли эмаслигини инобатга олмаётирлар. Масалан, блокировкаси Touch ID орқали очиладиган смартфон эгаси ухлаётганида унинг бармоғини дактилоскопик сканерга қўйиб, бемалол ҳимояни ечса бўлади-ку!

Шу боис, Face ID ҳимоя ниқобига буюртма беришдан олдин, ортиқча ҳимояланишингиз умр йўлдошингизда шубҳаларни келтириб чиқариши, юрагига ғулғула солиши мумкинлигини ҳам ўйланг, дейилади хабарда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.