iPhone X'даги инновацияга эга, ундан 5 баробар арзон смартфон

iPhone X'даги инновацияга эга, ундан 5 баробар арзон смартфон

Apple корпорациясининг iPhone X флагманини тақдим қилганига ҳам бир ойдан ошди. Бармоқ излари сканери ўрнига тизимга кириш учун юз-қиёфани текширувдан ўтказувчи хавфсизлик технологияси татбиқ қилинган янги айфон ҳозирча сотувга чиққани йўқ ва ишқибозларнинг сабрини синамоқда.

iPhone X тақдим қилингач, экспертлар ундаги қиёфани сканер қилувчи Face ID тизимининг келажакка хослигини айтишган эди. Шунингдек, бошқа ишлаб чиқарувчилар бу "ақлли тизим"ни камида 2 йилдан кейингина ярата олишлари айтилган бўлса ҳам, Хитойнинг Doogee компанияси смартфонларида шунга ўхшаш технологияни жорий қилмоқда.

Doogee компаниясининг фикрича, 1000 АҚШ доллари тўлаб iPhone X харид қилгандан маъни йўқ. Сабаби, Face Unlock хавфсизлик тизими ўрнатилган Doogee MIX 2 смартфони айфондаги каби қиёфани текширувдан ўтказади ва айфондан бир неча маротаба арзондир.

Face Unlock тизими алгоритмлари олд камера билан марказлашган ҳамда у инсон қиёфасидаги 135 та биологик жиҳатларни юқори аниқликда таний олади. Функциянинг аниқлик ва тезкорлигини таъминлаш учун унга "сунъий онг" технологияси жорий қилинган. Шунингдек, бу технология смартфондаги маълумотлар базасини мунтазам янгилаб боради.

5.99 дюймли Doogee Mix 2 Super AMOLED матрицали, FHD+ (2160 x 1080 пикселли) дисплейга эга бўлган. Яъни, ҳар дюймдаги пикселлар сони 403 та! Экран 2.5D эффектига эга безак ва ҳимоя шишаси билан қопланган.

DOOGEE MIX 2 частота тезлиги 2.5 Ггц бўлган, 64 битли ва 8 ядроли Helio P25 процессори, Mali T880 видеокартаси билан таъминланган. Унинг тезкор хотира сиғими 6 гигабайт, доимий хотира 128 гигабайт. Шунингдек, доимий хотирани micro SD бўлмачаси ёрдамида 256 гигабайтгача катталаштириш мумкин.

Айтиб ўтганимиздек, "4 кўзли" DOOGEE MIX 2'нинг бош камераси учун 16 ва 13 мегапикселли, фазали автофокус тизимига эга, 4K видео тасвирга олувчи сенсорлар, 2 тусли LED фоточақноғи ўрнатилган.

Селфи камера ҳам 2 та сенсорли -- 8 + 8 мегапикселли. Бу камера кенг бурчакда, яъни 130 даража остида суратга олади.

2 та сим-картали DOOGEE MIX 2'нинг аккумулятори USB Type C орқали қувват олади ва 4,060 мА соат электр токини жам қилади. Смартфон Android 7.1 Nougat операцион тизимида фаолият кўрсатади.

Гаджет алоқанинг WiFi, 3G, LTE-A, Bluetooth, GPS, A GPS, GLONASS тармоқларида ишлайди. Унда акселерометр, ёруғлик, оралиқ-масофа, гироскоп, овоз ҳамда магнит сенсор ва датчиклари ўрнатилган.

DOOGEE MIX 2 смартфони 200 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.