iPhone X экранидаги «ўйиқ» – Apple’нинг ажойиб «имзо»си!

iPhone X экранидаги «ўйиқ» – Apple’нинг ажойиб «имзо»си!

Купертинолик техногигантнинг юбилей айфонида энг инновацион жиҳатлардан бири айнан унинг юқориси «ўйиқ»ли экрани бўлди. Брендлар бўйича мутахассис Пол Уортингтон дисплей ва дизайндаги мазкур ечимнинг ўзига хослигини ўз блогида таъкидлаб кўрсатган.

ЎҚИНГ: Атиги 80 долларга Android’да ишловчи тўрт камерали iPhone X чиқяпти!

Фойдаланувчилар ва таҳлилчиларнинг айримлари экрандаги шу «кемтик»ни Apple’нинг хатоси, смартфонсозликдаги бир нуқсондек баҳолаб, норозилик билдиришмоқда. Аммо, Пол Уортингтон фикрига кўра, аксинча: мазкур «ўйиқ» – қойилмақом ечимдир.

Мутахассис буни қуйидаги учта сурат ёрдамида осонгина тушунтириб беради.

Биринчи суратда ўша – барчамиз билган iPhone тасвирланган. Қаранг-чи, унда энг кўзга ташланадиган детал нима? Ҳа, яшанг, бу – доира шаклидаги «Home» тугмачаси. Кимдир чўнтагидан смартфонни чиқарганида, айни мана шу тугмачаси туфайли унинг айнан iPhone эканини дарров англаймиз. Шундай тугмачага эга телефон ишлатадиган кишилар ўзи ҳақида нимадир демоқчи бўлгандек, айнан iPhone тутаётганини намойиш этаётгандек бўлади.

Энди иккинчи расмга эътибор қаратамиз:

Бу – корпусининг олд панелини экран буткул эгаллаб олган бирор смартфон. Унинг энг кўзга ташланувчи детали нимадан иборат? Очиғи, унда бунақа сезиларли деталнинг ўзи йўқ! Агар кимдир шу каби телефонни чўнтагидан чиқарса, унинг қайси брендга мансуб эканини билолмайсиз. Бу девайс Galaxy ёки Pixel маркали, ёхуд бирор номаълум хитойлик смартфонсознинг навбатдаги гаджети бўлиши мумкин. Бунақа телефон тутадиган киши учун, унинг қайси брендга оид смартфон ишлатаётганини бошқалар билишлари шарт эмасдек гўё.

ЎҚИНГ: Мутлақо ромсиз смартфонни умуман танилмаган бир компания яратди (+видео)

Фақат iPhone фойдаланувчиларигина бундай қилишмайди. Чунки...

Учинчи суратга аҳамият беринг-да:

iPhone X’ни дарров танидингиз-а? Хўш, унинг ажралиб турувчи детали қайси? Табиийки, экраннинг юқорисидаги «ўйиқ»! Кимдир шунақа «кемтик»ли смартфонни чўнтагидан чиқарса, унга қарабоқ қанақа модел эканини англайсиз: «О, янги iPhone’дан олдингизми? Қанақа экан?» Шу саволингизнинг ўзиёқ унга ўзгача таъсир этади, ҳузур бахш этади. Минг доллардан ошиқ маблағни битта смартфонга сарфлаб хато қилмаганини англашига имкон беради. Нафақат смартфони сифатли ва ишончли эканлиги, балки уни кўриб бошқалар ҳам қудратли бренднинг суперфлагманини таниганликлари, у ҳақда сўраганликлари ҳам iPhone X эгасига завқ бағишлайди, ўзининг кўпчиликдан бошқача эканлигини ҳис қилишига имкон беради.

ЎҚИНГ: Хитойда энг оммабоп премиум-смартфон аниқланди, аммо бу iPhone X эмас...

Нима бўлганда ҳам, Apple бошқа брендларга ўхшамайди, компаниядагилар эса буни яхши англашади. Купертинолик бу корпорация ҳамиша технологиялар борасидаги премиум-бренд бўлиб келган ва шундайлигича қолади. Унинг учун дизайн қулайликка хизмат қилмайди, балки маҳсулот соҳибининг ижтимоий мақомини таъкидлаб кўрсатади.

iPhone X’нинг «ўйиқ»ли экрани ҳам айни шундай – маҳсулотнинг Apple брендига мансуб эканини таъкидлаб турувчи доҳиёна ечимдир. Қани, бошқа бирорта смартфонсоз ҳам шундай телефон чиқариб кўрсин-чи!?

ЎҚИНГ: iPhone X’нинг яна бир «клон»и – Little Pepper S11 билан танишинг!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.