iPhone X моделларининг русча рўйхати янги фактларни фош этди!

iPhone X моделларининг русча рўйхати янги фактларни фош этди!

Apple’нинг бугун тақдим этиладиган iPhone X флагманининг турли моделлари кўрсатилган, рус тилида ёзилган рўйхат фотосурати интернетга чиқиб кетди. Уни таниқли дизайнер ва инсайдер Бенжамин Гескин ўзининг Twitter саҳифасида эълон қилган.


Мазкур рўйхат янги айфон моделлари ҳақида кутилмаган фактларни ошкор этди:

Биринчидан, бу рўйхатга кўра, iPhone X смартфонининг 64 гигабайтлик ички хотирага эга модели ҳам бор экан. Ҳолбуки, мазкур флагманнинг минимал 128 гигабайтлик хотирага эга ҳолда чиқарилиши айтилаётган эди.

Иккинчидан, Apple A11 процессори мазкур рўйхатда 4 ядроли қилиб кўрсатилган. Шу пайтгача чиққан хабарларда эса, мазкур чип 6 ядроли бўлиши, улардан тўрттаси бақувват, иккитаси эса тежамкор бўлиши айтилаётган эди.

Учинчидан, ушбу рўйхатда гаджетнинг экрани 2436х1125 пикселли AMOLED-дисплей эканлиги кўрсатилган. Бунгача нуфузли манбалар ҳам iPhone X модели энг янги OLED-экранга эга бўлишини ёзишаётганди.

Тўртинчидан, iPhone X уч хил: тилларанг, кумушранг ва қора рангларда ишлаб чиқарилар экан.

Янги айфоннинг нархи масаласига келсак, iPhone X олдинги авлод вакилидан икки карра қиммат баҳоланиши айтилмоқда.

Хуллас, бу ва бошқа маълумотларнинг расман ошкор этилишига оз вақт қолди. Улардан биринчилар қаторида хабардор бўлиш учун биздан узоқлашманг!


Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.