iPhone X’нинг чорак нархида унинг илк ҳақиқий «кушанда»си намойиш этилди!

  •   DiMaX
  •  2137
  •  08.02.2018 14:38

iPhone X’нинг чорак нархида унинг илк ҳақиқий «кушанда»си намойиш этилди!

Ўтган йили купертинолик гигант тақдим этган юбилей айфони дизайнидан илҳомланиб, кўп компаниялар худди шундай – «ўйиқ»ли экранга эга смартфон яратишга киришганидан хабарингиз бор. Аммо хитойлик бир смартфонсоз iPhone X’га ҳақиқатан ўхшаш бўлган биринчи телефонни аллақачон намойиш этди.

ЎҚИНГ: Xiaomi'нинг «iPhone X кушандаси» самарадорликда юқори балл тўплади

Биламизки, iPhone X ҳозирда бозордаги энг илғор, инновацион ва... қиммат смартфон бўлиб турибди. Унинг юқори хусусиятлари харидорни хурсанд қилиши аниқ, аммо нархи ўйлантириб қўяди.

Лекин «ўйиқ»ли экранга эга флагман ишқибозлари яқин орада худди шундай смартфонни юбилей айфонидан тўрт карра арзонга олишлари мумкин бўлади. Зеро, хитойлик смартфонсоз iPhone X’нинг илк ҳақиқий «кушанда»си – UMIDIGI Z2 моделини намойиш этди ва у кўпчиликка маъқул келаётир.

Мазкур смартфон диагонали 6,2 дюймли экранга эга, дисплейининг тасвир аниқлиги эса FHD+ форматида, яъни 2246х1080 пикселли. Экраннинг тепа қисмида, худди iPhone X’даги каби, «кемтик» жой очилган, у ерда гаплашиш динамиги, олд камера ва бошқа тегишли датчиклар жойлашган. Дисплей остидаги ром ҳам минимал даражада ихчамлаштирилган, шу боис ҳам «хитойча iPhone X» оригинал юбилей айфонига жудаям ўхшаш чиққан.

ЎҚИНГ: iPhone X яккаҳокимлигига чек қўйишмоқчи – BOE «ўйиқли» AMOLED-дисплей яратди!

UMIDIGI Z2 корпусининг орқа қопқоғи шишадан ишланган бўлиб, унда LED-чақноқли қўшалоқ камера ҳамда унинг остида бармоқ изи сканери ўрин олган. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашига кўра, мазкур смартфон камераси орқа фонни хиралаштириб – портрет режимида суратга олишга қодир, лекин бу ҳали ҳаммаси эмас...

Телефоннинг пастки қиррасида қувватлаш учун USB Type-C порти жойлашган, холос. UMIDIGI Z2 «фишка»ларидан бири – нақ 7000 мА/соат сиғимли аккумулятори бўлиб, унга тезкор қувватлаш функцияси ҳам татбиқ этилган. Мазкур қувват тоши эвазига у iPhone X’дан кўра 2,5 карра узоқроқ автономликка эга. Яъни, уни 2–3 кунда бир марта қувватлаш етарли бўлади.

ЎҚИНГ: Исталган Android-смартфонга iPhone X ишораларини ўрнатса бўлади!

Хитойликларнинг янги флагманида анъанавий 3,5 миллиметрлик аудиотирқиши йўқлиги ҳам унинг оригинал iPhone X’га янада ўхшашини таъминлаган. Ундаги NFC модули эса телефонда Android Pay тўлов тизими орқали тўловларни амалга ошириш имконини беради.

Хабарларга кўра, UMIDIGI Z2 савдога чиқарилганида, унга 250 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланади. Яъни, бу смартфон iPhone X’дан нақ 4 карра арзонроқ сотилади! Ушбу смартфоннинг тўлақонли расмий тақдимоти яқин ҳафталар ичида бўлиб ўтиши кутилмоқда, савдога эса у март ойининг биринчи ярмида чиқарилиши режалаштирилган. Эҳтимол, iPhone X’нинг илк ҳақиқий «кушанда»сини ўшанда онлайн савдо платформалари орқали харид қилиш имкони ҳам туғилар.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!