iPhone X'нинг кечикиши "ашаддий рақиб" зарарига ишлайди

iPhone X'нинг кечикиши

Apple 12 сентябрда тақдим қилган iPhone X 3 ноябрдан харидорлар қўлига етказилиши эълон қилинган бўлса-да, экспертларнинг фикрича, флагманлар эгаларининг қўлларига камида 2018 йилнинг бошида етиб боради. Apple ҳамкорлари OLED-дисплейларни тайёрлашнинг қийинлиги, тайёр панелларнинг 40% игина талабга жавоб беришини маълум қилишган. The Wall Street Journal нашрига кўра, Apple компанияси Face ID сканер тизимидаги носозликни тузатиш учун ҳам iPhone X'ни оммавий ишлаб чиқаришдан тўхтатиб турибди.

Аналитик Минг-Чи Куонинг фикрича, Apple 2018 йилнинг бошига қадар бор-йўғи 12 миллион дона iPhone X'ни АҚШ бозорига чиқаради.

Бироқ, аҳамиятли жиҳати шундаки, смартфон бозоридаги бу вазият Apple эмас, балки унинг рақиби бўлган Samsung зарарига хизмат қилади. Нега? Гап шундаки, кореялик IT-ишлаб чиқарувчиси шу кунларда Galaxy S9 флагмани устида жиддий изланиш олиб бормоқда. Флагман MWC, яъни 2018 йилнинг 25 февралида ўтадиган Жаҳон мобил конгрессида тақдим қилиниши мумкин. Унинг муҳим жиҳатлари қаторига 25 дақиқада аккумуляторини тўлиқ қувватлашини айтишимиз мумкин.

Ҳозирги Galaxy Note 8 флагмани эса iPhone X билан рақобатга кириша олмайди. Бу дегани Samsung янги модел сотувга чиққунига қадар потенциал харидорларини йўқотиши мумкин.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.