iPhone X'нинг янгича талқини тайёрланаётгани маълум бўлди

iPhone X'нинг янгича талқини тайёрланаётгани маълум бўлди

Apple'нинг янги қурилмани рўйхатдан ўтказиш учун бундан ярим йил олдин Федерал Коммуникациялар Комиссиясига топширган аризаси бугун ошкор этилди. 180 кунлик махфийлик мухри остида бугунги кунгача сир сақлаб келинган ушбу аризада iPhone Х смартфонининг янгича талқинини рўйхатдан ўтказиш ҳақида гап боради. Аризага қўшиб тақдим қилинган суратлардан маълум бўлишича, Apple iPhone Х'нинг тилларанг талқинини сотувга тайёрламоқда. Суратларда орқа панели шишадан тайёрланган ва сентябр ойида тақдим қилинган iPhone 8 ва 8 Plus'даги каби тилларанг тусга эга iPhone Х'нинг аниқ тасвирини кўриш мумкин. Янги талқиннинг зангламас пўлатдан ишланган четлари ҳам олтин рангида товланиб кўринади.

Ўтган йили бўлиб ўтган iPhone тақдимотида Apple iPhone Х смартфонининг тилларанг талқини устида ишлаётгани ҳақида маълум бўлган эди. Бироқ ушбу талқин қачон эълон қилиниши ёки сотувга чиқарилиши тўғрисида ҳеч нарса маълум эмас эди. Шу пайтгача қурилма фақат кулранг ва оқ/кумушранг талқинда мижозларга тақдим этиб келинган.

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ ВИДЕО: Redmi Note 5 Pro’ни iPhone X Red Edition’га «айлантирса» бўлади!

Орадан ярим йил вақт ўтиб кетганига қараганда Apple тилларанг iPhone Х'ни тайёрлашда анча техник қийинчиликларга дуч келган кўринади. Айни вақтда Apple iPhone Х'нинг катта ўлчамли навбатдаги моделини яратиш устида иш олиб бораётгани ҳақида ҳам маълумотлар юрибди. Тахмин қилинишича, ушбу янги модель куз фаслига бориб тақдим қилинади ва илк тақдимотдаёқ тилларанг талқин билан чиқарилади.

ЎҚИНГ: iPhone’ларнинг сўмдаги нархлари (2018 йил 5 апрель)

Apple'нинг Федерал Коммуникациялар Комиссиясига топширган аризасининг ташқарига сиздириб юборилиши компания томонидан маълумотларни ташқарига чиқариб юборган ходимларининг судга берилиши билан бир вақтга тўғри келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ойда Apple iPhone 8 ва 8 Plus'нинг қизил рангдаги талқинини тақдим қилган эди. Ҳозирча iPhone Х ҳам қизил талқинда бозорларда пайдо бўладими, деган саволга жавоб мавжуд эмас.

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.