iPhone X рақиби – Huawei’нинг «тўрт кўзли» смартфони чиқади! (+фото)

  •   DiMaX
  •  1392
  •  14.09.2017 18:06

iPhone X рақиби – Huawei’нинг «тўрт кўзли» смартфони чиқади! (+фото)

Huawei шу йилнинг 22 сентябрида Пекинда ўзининг янги смартфонини тақдим этади. Бу ҳақда компания ўзининг Weibo ижтимоий тармоғидаги расмий аккаунтида хабар берган.

Янги ромсиз смартфон Maimang 6 деб аталади. Аммо Хитойдан ташқарида бу модел Huawei G10 Plus номи остида тақдим этилиши тахмин қилинаётир. Бу қурилма куни кеча тақдимоти бўлиб ўтган iPhone X ҳамда бошқа ромсиз смартфонларга рақобатчи сифатида майдонга тушади.

Афтидан, бу – компания сир тутган, аммо Хитой Телекоммуникацион жиҳозларни сертификатлаш марказининг сайтида аниқланган Huawei RNE-AL00 маркировкали модел бўлса керак.

Хабарларга кўра, Maimang 6 модели 5,9 дюймли EntireView дисплейи билан жиҳозланган. Full HD сифатли экран томонларининг ўзаро нисбати 2:1 бўлади. У корпус олд панелини деярли бутунлай қоплаб олади.

Янги девайснинг ҳар иккала камераси қўш объективли эканлиги ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Асосий камера 16+2 мегапикселли, селфи-камера эса 13+2 мегапикселли модуллардан иборат бўлади.

Maimang 6’га Huawei’нинг ўз маҳсулоти бўлган, 2,6 ГГц такт частотасида ишловчи, саккиз ядроли Kirin 659 процессори ўрнатилган. Гаджетнинг тезкор ва ички хотираси эса тегишлича 4 ҳамда 64 гигабайт ҳажмга эга.

Ушбу қурилманинг қувват манбаи 3240 мА/соат сиғимли аккумулятор бўлади. Аммо Maimang 6 тезкор ёки симсиз қувватлаш технологияси билан таъминланиши ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ. Металл корпуснинг орқа панелида бармоқ изини аниқлаш датчиги жойлашган.

Мазкур флагман уч хил – тилларанг, қора ва кўк рангларда савдога чиқарилиши айтилаётир. Бироқ унинг нархи ҳақида ахборот берилмаган. Ромсиз экани ва бошқа хусусиятларидан келиб чиқадиган бўлсак, унга камида 500 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланиши эҳтимоли юқори.

Huawei’нинг айрим смартфонларига пойтахтимиздаги Малика» савдо мажмуасида сўмда белгиланаётган нархлар билан эса мана бу мақоламизда танишишингиз мумкин.