iPhone X рақиби – ромсиз Ultra Pixel фото ва видеоси чиқди

iPhone X рақиби – ромсиз Ultra Pixel фото ва видеоси чиқди

Жорий йилнинг 4 октябрида Google ўзининг иккита янги смартфони – Pixel 2 ҳамда Pixel 2 XL моделларини тақдим этиши кутилаётган эди. Компания мазкур тақдимот маросимини ноанъанавий тарзда маълум қилганидан ҳам хабарингиз бор.

Аммо, агарда Mrwhosetheboss номли YouTube-канал муаллифларига ишонадиган бўлсак, Google шу куни яна бир қурилма – Ultra Pixel моделини ҳам намойиш этишга ҳозирлик кўряпти. (Диққат қилинг: бу номни HTC камерасидаги Ultrapixel технологияси билан чалкаштирманг).

Хулласи калом, инсайдерлар Google офисидан жўнатган суратларни AndroidInsider сайти эълон қилган. Уларга назар солсак, смартфон чиндан ҳам купертинолик гигантнинг «юбилей айфони»га рақобатчи бўла оладиган даражада. Мана, ўзингиз томоша қилинг-да:

Тўғри, Ultra Pixel’нинг экрани тепа ва пастки қисмларида ромлари мавжуд, аммо улар ўта юпқа. Шунингдек, смартфон экранининг пастида ғалати шакллар мавжуд – қурилмани имо-ишоралар билан бошқариш мумкинлигини Google шу тариқа намойиш этган.

Мана, видеолавҳада ҳаммаси яхшироқ кўринади:

Ultra Pixel моделида компания барча кўникиб қолган навигация тугмачаларидан воз кечишга қарор қилган. Бу девайсда янгича анимациялар ҳам жорий этилиши кутилмоқда. Шунингдек, гаджетнинг ўта юпқа эканини ҳам пайқагандирсиз – бу омил аккумулятор сиғимига салбий таъсир этиши мумкин.

Ушбу смартфон корпусининг олд панелида стереодинамиклар бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Манбанинг берган маълумотларига кўра, Ultra Pixel янги турдаги бармоқ изи сканери ва қўшалоқ камера билан жиҳозланган. Афтидан, янги турдаги деганда, дактилоскопик датчикнинг дисплей остига жойлаштирилиши назарда тутилмоқда. Аслини олганда, мазкур технология аллақачон ишлаб чиқилган, фақат уни тижорат мақсадларида оммавий ишлаб чиқарилувчи смартфонларга жорий этиш қолган, холос.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.