iPhone X рекорд ўрнатди, бироқ нарх сиёсатида чекиниш содир бўлади

iPhone X рекорд ўрнатди, бироқ нарх сиёсатида чекиниш содир бўлади

Apple 2017 йилнинг кузида тақдим қилган ва сотувга чиқарган илғор флагман яхши сотилиш бўйича бозорда рекордни янгилади. Canalys тадқиқотчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2017 йилнинг IV чораги якунлари бўйича 29 миллион дона iPhone X сотилган. Жумладан, биргина Хитойнинг ўзида 7 миллион дона бундай қимматбаҳо девайснинг сотилиши -- кутилмаган ҳолат бўлди.

Айтиш жоизки, iPhone X — тарихдаги "энг қиммат айфон". АҚШ да унинг бошланғич баҳоси $999 доллар бўлган бўлса, жаҳон мамлакатларида 1400 АҚШ долларигача сотилди. Айниқса, Хитойда смартфон талаш бўлди ва Apple томонидан ўтказилган эски смартфондан воз кечишга чорлайдиган дастурлар натижасида Huawei ва Xiaomi каби бренд фойдаланувчилари "олма" томонига ўтиб олдилар.

Компания бошқа айфонлардан ҳам катта фойда кўрди. Жумладан, iPhone SE, iPhone 6s, iPhone 7 ҳамда iPhone 8 жуда яхши сотилди.

Шундай бўлса ҳам, Apple бу натижалардан қониқмади. Корпорация таҳлилчилари 30–35 миллион дона iPhone X сотишни тахмин қилган эдилар.

KGI Securities таҳлилчиси Мин Чи Куонинг қайд этишича, бу йил Apple анъанани бузади ва 3 та янги айфон моделини тақдим қилади. Улардан бири нисбатан жуда арзон, яъни $700–800 АҚШ доллари баҳосида бўлади.

Бу моделда ОLED эмас, оддий -- қуюқ кристалли, 6,1 дюймли экран ўрнатилади. Шу билан бирга, бир линзали камера, орқа панели алюминий (шиша эмас!) панелдан иборат бу арзон айфоннинг 3 гигабайтли тезкор хотираси бўлади. Аҳамиятли жиҳати эса бу моделда ҳам юз-қиёфани сканерлаб, смартфонни блокировкадан чиқарувчи Face ID технологияси бўлади. Қолаверса, у "аждодлари"дан бармоқ зарбига кўра вазифа бажариш функцияси -- 3D Touch технологиясини ҳам мерос қилиб олади.

Шунингдек, бошқа айфонлардан фарқли равишда, анъанавий, яъни кўп қувват талаб қилувчи экранга эга смартфон батареяси тўғри бурчакли бўлади. Бугунги айфонларда L-шаклли аккумуляторлар ўрнатилган. Бу дегани, бу арзон айфон Apple бугун ишлаб чиқараётган сўнгги айфонлардан кўра секинроқ қувват олади. Шу билан бирга, симсиз қувват олиш технологиясини ҳам қўллаб-қувватламайди.

Бир муддат аввал Мин Чи Куо яқин орада 2 та сим-картали iPhone ҳам ишлаб чиқарилишини маълум қилган эди. Экспертларнинг фикрича, янги iPhone қурилмаларидан бири, катта эҳтимол билан, айнан қуюқ кристалли дисплейга эга айфон шу жиҳатга эга бўлади.

Боиси, арзон смартфонга ўч бўлганлар одатда операторларни мустақил танлаш орқали маблағларини тежаш ҳаракатида бўладилар.

"Ҳамёнбоп" iPhone смартфонидан ташқари, Куонинг сўзларига кўра, Apple яна 2 моделни тайёрламоқда: 5,8 дюймли iPhone X ҳамда 6,5 дюймли iPhone X Plus. Таҳлилчининг сўзларига кўра, компания бу йил фойданинг 50 фоизини айнан арзон моделдан ола бошлайди.