iPhone X тезкорликда янги андроидга мағлуб бўлди

iPhone X тезкорликда янги андроидга мағлуб бўлди

iPhone X бир муддат аввал самарадорликда жаҳоннинг барча гаджетларини осонлик билан ортда қолдирган эди. Бироқ, тезкор ишлашда унга муносиб номзод пайдо бўлган кўринади.

Янги iPhone X'да самарали ишлаш учун барча муҳим жиҳат бор. У ўз туркумида етакчи смартфон. Ҳатто нозиктаъб экспертлар ҳам унинг дизайнини маъқуллаб чиқдилар. "Юбилей" iPhone'идаги OLED-экранни эса жаҳоннинг энг яхши дисплейи сифатида эътироф этишди. Дастурий таъминоит ҳам, аппарат таъминоти ҳам девайсда юқори. Benchmarket-тестларининг аксарият имтиҳонлари натижаларига кўра, янги A11 Bionic процессори ниҳоятда илғор. Бу чипнинг имкониятларини Apple фойдаланувчилари яхши билишади. Бироқ, смартфоннинг нозик нуқтаси бор -- операцион тизим.

Бир қарашда, iOS 11 — ўта пишиқ-пухта операцион тизим сифатида таассурот қолдиради. Унда кўплаб янгиликлар, тизимни такомиллаштириш бўйича инновациялар мунтазам жорий қилинади. iPhone X учун ишлаб чиқарилган тизим эса янада кучли. Бироқ, смартфоннинг тезкор хотираси унинг операцион тизимига самарали ишлаши учун тўсиқдир. Компания бу борадаги камчиликларни билади ва айни пайтда буни бартараф қилиш устида бош қотирмоқда.

Аксарият смартфон фойдаланувчилари бу ҳақида эшитмаган бўлишлари ёки айфоннинг тезкорлигига шубҳа қилмаган бўлишлари мумкин. Боиси, Apple операцион тизим ва процессорни ўзаро мақбуллаштиришда доимо олдинда бўлган. Шу вақтга қадар флагман Android-смартфонлар устидан ғолиб келган iPhone X яқинда тақдим қилинган OnePlus 5T'га мағлуб бўлди.

OnePlus 5T ҳозирча энг тезкор ишлайдиган смартфон бўлиб турибди. Бу бекорга эмас. Компаниянинг OnePlus 5 смартфони андроидлар орасида энг тезкор ва самарали девайс бўлиб келаётган эди. Яъни, компания самарали мобил тизим яратишда тажрибали. OnePlus 5T'нинг имкониятларини қуйидаги видеороликда ҳам кўриш мумкин.

YouTube'нинг AllApplePro каналида OnePlus 5T ҳамда iPhone X қанчалар тезкор экани таққослаб кўрилган. Имтиҳонда икки флагман мобил иловаларни очишда, графикага бой ўйинларни ишга туширишда, ижтимоий тармоқларни очишда, савдо сайтларини ишга туширишда, видео контентга эга тармоқларни очишда куч синашдилар. Apple смартфони iOS 11, 5T эса 2016 йилга мансуб Android Nougat операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади.

Биринчи давра беллашувларида iPhone X озгина пешқадам бўлган бўлди. OnePlus смартфонига оғир иловаларни очиш учун 4:05 дақиқа вақт керак бўлган бўлса, iPhone X бу вазифани 3:23 дақиқада амалга оширди.

Ўқинг: OnePlus 5T тақдим қилинди: илғор гаджет эски нархда!

Бироқ, иккинчи давра баҳсларида смартфон барча иловаларни янгидан юклаб олиши керак бўлди. OnePlus 5T эса бу иловаларнинг барчасини тезкор хотирасида сақлаб қўйган эди. Айтиш керакки, OnePlus 5T'даги 8 ГБ, iPhone X'да 3 ГБ хотира мавжуд. Бунда OnePlus 5T иловани 30 сонияда очган бўлса, iPhone X'га бунинг учун 1:05 дақиқа керак бўлди.

Яъни, кўриниб турибдики, синтез тестлари натижалари аслида смартфоннинг тезкор ишлаши учун асос эмас ва реал синовда иловаларнинг чаққонлик билан очилиши мисолида биз бунга гувоҳ бўлдик.

Бироқ, ўйинларни очишда Apple қурилмаси устун экани диққатга сазовор. Бу Apple'нинг флагманида шахсий видеокарта тизими ўрнатилгани ҳисобига.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.