iPhone X учун дунёдаги энг қиммат чехол сотувга чиқарилди

iPhone X учун дунёдаги энг қиммат чехол сотувга чиқарилди

Сингапурнинг люкс брендлар ишлаб чиқарувчи компанияси iPhone учун ишлаб чиқарган титан металли чехолнинг нархи жаҳоннинг энг қиммат флагманларидан бўлган iPhone X'дан ҳам қиммат бўлиб чиқди.

Мисол учун, яқинда ўтказилган iPhone X тақдимотида бу флагман нархи 1149 АҚШ доллари экани эълон қилинган бўлса, Сингапурнинг Gray International деб номланган люкс бренди ишлаб чиқарган металл ғилоф баҳоси 1345 АҚШ долларига тенг.

iPhone учун титанли ғилофлар коллекцияси эълон қилингач, гарчи қиммат бўлса ҳам, бу аксессуарни харид қилиш истагида дунёнинг кўп мамлакатларидан буюртмалар келиб тушмоқда. Боиси, бу чехол чекланган миқдорда ишлаб чиқарилади. Мазкур аксессуар бирор бир функцияни бажармайди, бироқ эксклюзив маҳсулот сифатида ўзига хос.

Биласиз, титан аэрокосмик саноатда фойдаланилади ва ўта пишиқлиги билан ажралиб туради. iPhone'га аталган "либос" ўта пишиқ ва у бус-бутунлигича яхлит қимматбаҳо металлдан тайёрланган. У айфонни кутилмаган зарбалардан ҳимоя қилади. Темир-ғилоф юқори маҳорат билан сайқалланган. Ҳар бир ғилофга ўзининг махсус рақами туширилган. Титан ғилоф пўлат ранг, тилла ва оч пушти рангларда ишлаб чиқарилади.

2016 йилнинг 1 ноябрида Gray International iPhone 7 ва 7 Plus учун ҳам худди шундай қимматбаҳо чехолларни сотувга чиқарган эди. Уларнинг баҳоси ҳам айфонлардан юқори бўлган. 1000 долларга баҳоланган бу ғилофлар жаҳон бўйича бор-йўғи 100 дона сотилган.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.