iPhone X учун Telegram’нинг бета-версиясини ўрнатамиз

  •   DiMaX
  •  1837
  •  04.11.2017 15:34

iPhone X учун Telegram’нинг бета-версиясини ўрнатамиз

Купертинолик гигантнинг iPhone X қурилмаси савдога чиқиши арафасида кўплаб иловаларнинг ишлаб чиқувчилари ўз маҳсулотларини унга мослаб янгилай бошлаганлар. Telegram мессенжери жамоаси ҳам бунга жиддий киришган, аммо ҳозирча илованинг бета-талқинини ўрнатиб ишлатиш мумкин, дея хабар беради Telegram News канали.

Гап шундаки, Apple’нинг «юбилей айфони» экранининг томонлари ўзаро 18: 9 нисбатда, яна тепа қисмида камера ва бошқа датчиклар учун «ўйиқ» жойи бор. Бу эса иловаларнинг интерфейси дисплейда тўлиқ акс этишида айрим ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис ҳам иловаларни дисплейнинг мазкур форматига мослаб янгилашяпти.

ЎҚИНГ: Энди исталган Android-смартфонни iPhone X’га айлантириш мумкин!

Оммабоп Telegram мессенжерининг барқарор иловаси iPhone X дисплейига мослаштириб тақдим этилиши учун ҳали маълум бир вақт керак бўлади. Шу боис, мазкур қурилмани харид қилган iOS ихлосмандларига мазкур илованинг бета-талқинини ўрнатиб фойдаланиш тавсия этилаётир.

Хўш, Telegram’нинг бета-талқини қандай ўрнатамиз?

  1. Бунинг учун мана бу ҳавола бўйича ўтиб, «Кўчириш» (Dowload) тугмачаси орқали юклаб оласиз.
  2. Уни айфонга ўрнатгач, расмий Telegram иловасини ўчириб ташлайсиз.
  3. Қурилмангиз сизни, Telegram’нинг ушбу бета-талқини ишониб бўлмайдиган илова эканлигидан огоҳлантиради. Бироқ бундан хавотир олмасангиз ҳам бўлади, чунки мазкур версия App Store’дан юклаб олинмагани учунгина бу огоҳлантирув ёзуви чиқади. Шу боис бу иловага рухсат беришингиз мумкин. Бунинг учун эса қуйидаги: Созламалар (Настройки) → Умумийлари (Общие) → Профиль йўли орқали кирасиз ва Telegram’га ишонч билдиришингизни тасдиқлайсиз.

Бўлди, шу билан сиз то тўлақонли талқини чиққунига қадар, Telegram’нинг бета-версиясидан бемалол баҳра олишингиз мумкин.

Хўш, ушбу бета-талқиннинг барқарор мессенжер иловасидан фарқлари нималарда экан?

  1. Илова интерфейси тўлалигича янгиланган. Энди сизда, худди Android’даги каби, турли интерфейс мавзулари (темалари) мавжуд бўлади.
  2. Бета-талқин iPhone X экранига мослаштирилган.
  3. Аввалроқ ҳам ёзганимиздек, энди менюнинг ҳар бир бандидаги белгичалар iOS услубида, алоҳида ранглар билан белгиланган.

Марҳамат, кўчириб олинг, ўрнатинг ва фойдаланинг. Фақат ёдда тутинг: бу – Telegram’нинг синов учун чиқарилган версиясидир. Айни дамда синов жараёнлари кетмоқда ва тез орада Telegram’нинг барқарор талқини ҳам янгиланади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!