iPhone X услубидаги классика: ромсиз iPhone SE’нинг фото ва видеоси чиқди!

iPhone X услубидаги классика: ромсиз iPhone SE’нинг фото ва видеоси чиқди!

CURVED студиясининг дизайнерлар жамоаси iPhone SE смартфони ромсиз талқинининг фоторендерлари ҳамда реклама видеосини тайёрлади. Гап-сўзларга қараганда, мазкур версиядаги смартфон 2018 йили ишлаб чиқарилади, деб ёзади Gagadget нашри.

Ромсиз классика

Мазкур рендерларда экрани 4,7 дюймли OLED-iPhone’ни ромларидан буткул маҳрум қилиб, уни компаниянинг янги флагмани – iPhone X услубига келтиришган. Тағин, гаджетга қўшалоқ объективли камера, шунингдек, Face ID функцияси учун True Depth туридаги олд камера жойлашган.

Хуллас, девайсни янгича талқинда тақдим этилган классика, дейиш мумкин. Мана, ўзингиз томоша қилиб, завқ олинг:

Аппарат қисми қанақа?

Қурилманинг «юраги» – Apple A10 процессори, тезкор хотираси эса 2 гигабайтлик бўлади. Асосий камераси ҳар бири 12 мегапикселли иккита фотомодулдан иборат, олд камера эса 5 мегапикселли.

iPhone SE’нинг янгиланган талқини келаси йилнинг биринчи чорагида чиқиши кутилаётир. Аммо Apple уни бунақа ромсиз қилиши қийин, бу – шунчаки дизайнерларнинг тахминлари асосида ишланган рендерлардир. Уларнинг тўлиқ тўпламидан баҳра олиш учун мана бу манзилга ўтишингиз мумкин.

Лекин купертинолик гигантдан буни кутса ҳам бўлади: рақобатчиларидан устун келиш учун у ромсизлик трендини энди ишлаб чиқариладиган ва янгиланган моделларига ҳам татбиқ этавериши мумкин. Буни биргаликда кузатиш учун биздан узоқлашманг.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.