iPhone X ва Galaxy S8'ни "синдирадиган" супер-арзон смартфон тақдим қилинди

iPhone X ва Galaxy S8'ни

Apple iPhone X, Google Pixel 2 XL ҳамда Samsung Galaxy S8 флагман смартфонлари айни пайтда бозордаги инновацион қурилмалар ҳисобланади. Шу билан бирга, уларнинг нархи ҳар қандай одамни "чақиб олади". Тўғри, яхши мол қиммат туради, бироқ қимматлиги боис бу моделлар кўпчилик учун мисоли туш. Шу билан бирга, Хитой аталмиш мўъжизалар заминида инсофли смартфон ишлаб чиқарувчилари ҳам бор.

Куни кеча бу ўлкада AllCall Mix2 номли смартфон тақдим қилинди. Экспертларга кўра, бу гаджет нархига энг муносиб хитойлик смартфон модели бўлиши мумкин.

AllCall Mix2 телефони бозорда iPhone X ва Google Pixel 2 XL флагманларига қарши курашади ва техник жиҳатдан ҳам унинг бўлган ишончи юқори. Жумладан, бу смартфонга 5,99 дюймли, 2160 га 1080 пикселли (Full HD+) ҳамда томонлар нисбати 18:9 бўлган ёрқин экран ўрнатилган.

Шу билан бирга, 8 ядроли MediaTek Helio P23 процессори, 6 ГБ оператив ҳамда 64/128 ГБ доимий хотира, доимий хотирани кенгайтириш имконияти билан ҳам смартфон диққатга сазовор. Қолаверса, аккумулятор батареясининг сиғими 3500 мА соат ва уни тезкор қувватлаш мумкин.

Ишлаб чиқарувчи AllCall Mix2 смартфонини қўш сенсорли бош камера билан сийлаган. Улардан бири 13 Мп, бошқаси 8 Мп аниқлигида суратга олади. Шу билан бирга, бош камера орқа фонни ғира-шира қилиш ва тасвирни 2 карралик яқинлаштириш имконига эга. Олд камера сиғими 8 Мп ва бу сенсор юзни сканерлаш тизимига ҳам эга бўлган. Бунинг учун етарли ёруғлик шароити керак бўлади.

Телефон корпуси шишадан тайёрланган. Бу ерда бармоқ изи сканери учун ҳам жой ажратилган. Янги гаджетда NFC модули ҳам мавжуд. Унинг ёрдамида Android Pay (Google Pay) тизими орқали контактсиз тўловлар қилиш мумкин.

AllCall Mix2 смартфони USB Type-C порти, Mali-G71 видео-картаси, 10 Вт кучланишидаги симсиз тезкор қувватлаш тизими, қадоқдаёқ ўрнатилган Android 8.1 Oreo операцион тизими билан мақтана олади.

Ва, энг муҳими -- ишлаб чиқарувчи бу смартфон учун $169 доллар сўрамоқда. AllCall Mix2 2018 йилнинг 31 январидан сотувга чиқарилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!