iPhone XI 2018 – мутлақо ромсиз илк 5G-смартфонни томоша қиламиз!

  •   DiMaX
  •  1787
  •  11.01.2018 14:15

iPhone XI 2018 – мутлақо ромсиз илк 5G-смартфонни томоша қиламиз!

Ўтган йили Apple ўзининг бир нечта бетакрор технологияларга бой суперфлагмани – iPhone X билан смартфонсозликда бурилиш ясади. Табиийки, 2018 йили энди унинг янада яхшиланган талқини чиқарилиши кутилмоқда. Кузатувчилар бу моделнинг iPhone XI 2018 деб номланишини тахмин қилишаётир, деб ёзади AKKet нашри. Шунингдек, манбалардан бири унинг хусусиятлари ҳақида ҳам маълумотларни келтириб, янги смартфоннинг концепт-суратларини ҳам намойиш этган.

ЎҚИНГ: Apple’нинг Ўзбекистон мобил операторлари орасидаги ягона ҳамкори iPhone X савдосини йўлга қўйди

Инсайдер берган маълумотларга кўра, iPhone XI 2018 модели жорий йилнинг кузида тақдим этилади. Унинг асосий ўзига хослиги – экрани чинданам мутлақо ромсиз эканидир, дейилади хабарда. Ultra Retina деб номланувчи бу AMOLED-дисплей смартфон олд юзининг 99 фоизини эгаллайди. Унинг юқори қисмида аввалги моделдагидек Face ID юз сканери жойлашади, табиийки, у иккинчи авлодгача янгиланган бўлади.

Иккинчи авлод Face ID ўзининг «авлод»идан икки карра тезроқ ишлайди, шунингдек, у iPhone X’дагидек битта эмас, балки биратўла бир неча фойдаланувчининг қиёфасини эслаб қола олади. Apple бу смартфонига ҳам Lightning портини татбиқ этади, ҳозирда урфга кирган USB Type-C порти унда бўлмайди.

Янги флагманнинг корпуси керамикадан ишланади. Шунингдек, iPhone XI 2018 моделининг асосий «фишка»ларидан яна бири унинг бешинчи авлод – 5G уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватлашидир, аммо бу жиҳати фақат АҚШ ҳудудидагина амал қилади. «Олмали» корпорация мазкур тармоқни аллақачон ўтган йилги iPhone X’нинг янги талқини воситасида синовдан ўтказаётгани ҳақида ёзганмиз.

ЎҚИНГ: 5G тармоғида ишлайдиган iPhone X ҳам чиқарилди!

Ҳали 9 ойдан кейин тақдим этиладиган янги айфоннинг орқа панелида ҳам, худди iPhone X’дагидек, объективлари тикка жойлашган қўшалоқ камера ўрин олади. Қопқоқнинг ўртасида жойлашган Apple логотипи остида эса симсиз қувватлаш технологиясининг ишини таъминловчи индукцион магнит катушкаси бўлади.

Концептга кўра, iPhone XI 2018 моделидаги энг қизиқ жойи – суриб чиқарилувчи юқори ромидир. Смартфоннинг олд камераси ва бошқа датчиклари жойлашган ушбу ромни фойдаланувчи биттагина ҳаракат билан асосий корпусдан юқори томонга суриб чиқара олади.

Бир замонлар оммалашган слайдер форм-факторли телефонлардагига ўхшаб кетувчи бунақа конструкция кундалик фойдаланишда қанчалик қулай бўлиши ҳақида бир нима дейиш қийин. Аммо техник жиҳатдан бунинг амалга оширилиши мураккаб ҳисобланади, бунинг устига, Apple ҳамиша фақат монолит форм-факторли қурилмалар ишлаб чиқариб келаётир. Балки «олмали» корпорация бунинг ҳам ҳеч ким кутмаган бирор ечимини топар. Яна шуниси ҳам борки, айнан шундай – камера ва датчиклари сурилиб чиқарилувчи смартфон аллақачон яратилганлиги ҳақида ҳам ёзганмиз.

ЎҚИНГ: Мутлақо ромсиз смартфонни умуман танилмаган бир компания яратди (+видео)

Таъкидлаш керакки, iPhone XI 2018 смартфони ҳақидаги юқоридаги барча маълумотлар ҳозирча концепт мақомида бўлиб, инсайдер томонидан тақдим этилган. Apple’нинг навбатдаги флагман телефони бундан умуман бошқача кўринишда бўлиши ҳам мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.