Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммити Ўзбекистонда ўтказилади

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммити Ўзбекистонда ўтказилади

7-11 сентябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити бўлиб ўтган эди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур анжуманда иштирок этиб, нутқ сўзлагани тўғрисида аввал хабар берган эдик.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида мусулмон дунёсининг илм-фан ва технологиялар борасида жаҳонинг ривожланган мамлакатларидан ортда қолаётганини қайд этган ва ислом оламининг илмий-технологик салоҳиятини ошириш учун ўз таклифларини баён этган.

“ИҲТга аъзо давлатларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, аҳолининг муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш мақсадида Фан ва технологиялар бўйича саммитни ҳар уч йилда бир марта ўтказишни ва ушбу таклиф қўллаб-қувватланган тақдирда, кейинги саммитни 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказишга тайёр эканимизни билдирмоқчиман”, ¬– деб айтган эди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон раҳбарининг ушбу таклифи саммит иштирокчилари ва ташкилот томонидан илиқ кутиб олинди. Анжуман сўнгида қабул қилинган «Остона декларацияси»да Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммити Ўзбекистонда ўтказилиши қайд қилинди.

“Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитига мезбонлик қилиш бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг таклифи қабул қилинсин. ИҲТ Бош Котибияти ва Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитасига Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўриш борасида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ишлаш вазифаси топширилсин”, дейилади декларацияда.

Ҳозирча бу саммит қачон ўтказилиши аниқ эмас. 2020 йилги саммит Бухоро шаҳрида ўтказилиши мумкин. Маълумот учун, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича тузилмаси (ISESCO) Бухорони 2020 йилда «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилган.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Terabayt.uz'нинг энг меҳнаткаш ходимларидан. Севимли машғулоти интернет титиб, ахборот технологияларига оид энг сўнгги хабарларни мутолаа қилиш. Бу орада уларнинг ичидан яхшиларини териб олиб, сизларга ҳавола қилиб туради.