Исталган Android-смартфонда iPhone X’дагидек Face ID’ни фаоллаштирамиз!

Исталган Android-смартфонда iPhone X’дагидек Face ID’ни фаоллаштирамиз!

Apple «юбилей смартфони»даги илғор жиҳатлардан бири – тизим ўз эгасининг юзини таниш орқали қурилмани блокдан чиқаради. Бироқ худди шунга ўхшаш функция Android тизимли смартфонларда аллақачонлардан бери мавжуд эканидан хабарингиз бормиди?

Google дастурчилари ҳали Android 5.0 Lollipop талқиниданоқ тизимга юзни таниш технологиясини жорий этишган эди, деб ёзади AndroidInsider нашри. Фақат мазкур режимни фойдаланувчининг ўзи созлаши лозим бўлади. Қуйида шуни кўриб чиқамиз.

Юз қиёфасига қараб шахсни аниқлаш (ўз эгасини таниш) режимини фаоллаштириш учун тизимнинг «Созламалар»ига – «Настройки» иловасига кирамиз. У ердаги «Хавфсизлик» созламалари («Безопасность») бўлимини очиб, Smart Lock – «Юзни таниш» («Распознавание лиц») қисмига ўтамиз. Эътибор беринг: Smart Lock бўлимига кириш учун, смартфонни блокдан чиқаришда қўлланадиган шахсий паролингизни киритиш талаб этилади.

Кейин эса «Созлаш», яъни «Настроить» бандини танлаб, экрандаги кўрсатмаларга амал қилиб боринг. Имкониятга қараб, яхши ёритилган жойда турганингиз яхши. Қиёфангизни смартфонингизга «таништириб» қўйиш учун, уни кўзларингизнинг қоқ рўпарасида, тўғри тутиш тавсия этилади. Агар яхши чиқамаса, тизимнинг ўзи сизга юзни сканерлаш жараёнини қайтадан ўтказиш кераклигини айтади.

Қиёфани таниш технологиясининг ишини яхшилаш учун худди шу ишни турли шароитларда амалга ошириш керак бўлади. Масалан, кўзойнак билан ва кўзойнаксиз ҳолда, хирароқ ёруғлик муҳитида ва ёрқин қуёш нурлари остида. Шу тариқа, смартфонингиз сканери қиёфани таниш аниқлиги ва тезлигини ошира олади.

Таъкидлаш керакки, ҳозиргача ишлаб чиқарилган бирорта ҳам смартфон iPhone X каби чуқурлик датчигига эга эмас. Шу боис уларнинг юзни таниш имкониятлари Apple’нинг «юбилей айфони» сингари тезкорлик ва аниқликда эмас. Қоронғида «кўриш» ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Эслатма: ҳар хил ишлаб чиқарувчиларнинг смартфонлари қиёфани эслаб қолиш ва кейинчалик юзни таниш жараёнларини турлича тарзда амалга ошириши мумкин. Айримларида блокдан чиқариш учун юзингиз тасвирини экранда чиққан овал ичига тўғирлашингиз керак бўлади, бир хилларида эса бу жараён жуда чўзилиб кетади. Бироқ шуларни ўрганиб олсангиз, кейин қўлингиздаги дўстингиз билан бу борада «тил топишиб» кетишингиз ҳеч гапмас.

Дарвоқе, исталган Android-смартфон экранини iPhone X’даги каби кўринишга келтириш усулидан ҳам хабарингиз борми?

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.