IUT профессори Халқаро Фанлар академиясининг мукофоти билан тақдирланди

IUT профессори Халқаро Фанлар академиясининг мукофоти билан тақдирланди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг физика фани ўқитувчиси Ҳусниддин Олимов Халқаро Фанлар академияси (The World Academy of Science, TWAS)нинг ривожланаётган мамлакатлардаги 45 ёшгача бўлган ёш олимлари учун мукофотини қўлга киритди. Бу тўғрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

16 мамлакатдан ёш олимлар иштирок этган танловнинг “Физика ва математика соҳасидаги энг яхши илмий мақолалар” йўналишига тадқиқотчилар сўнгги беш йил мобайнида физика фани бўйича халқаро нуфузли журналларда чоп этган мақолалари билан иштирок этганлар. IUT профессори 2016 йил учун мазкур нуфузли мукофотни қўлга киритган ўзбекистонлик ягона лауреат бўлди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаевнинг қайд этишича, яқинда университет маҳаллий профессорларни тайёрлаш дастурини ишга туширган. Мазкур дастур доирасида ёш ўқитувчилар ҳамда академик йўналиш бўйича ходимлар Ўзбекистондан ташқарида, жумладан, Жанубий Кореядаги нуфузли университетларда таълим олиш, илмий даражаларини ошириб қайтишлари мумкин. Бу эса муассасадаги таълим сифатини ошириш баробарида, Ўзбекистонда фан-таълим ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.