Жаҳонда энг яхши сотилаётган ноутбук брендлари ва модели маълум бўлди

Жаҳонда энг яхши сотилаётган ноутбук брендлари ва модели маълум бўлди

TrendForce маркетинг компанияcига кўра, 2017 йилнинг бошидан буён HP компанияси жаҳон ноутбук бозорининг яққол пешқадами бўлиб келмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг 3-чорагида мазкур бренд жаҳон миқёсида сотилган жами ноутбукларнинг 23.4 фоизига эгалик қилади. Бу бренд 11 миллион дона девайс сотган. Ундан кейинги ўринда эса Хитойнинг Lenovo (8.58 млн) компанияси турибди. Сўнгги чоракда бу бренд бозорнинг 20.1 фоизига эгалик қилмоқда. Етакчи учликни 16.4 фоиз улуш билан Dell бренди якунлаган (6.65 млн).

Сўнгги чоракда жаҳон бозорларида 39 миллион дона лаптоп сотилган. Бу аввалги чоракдан 3 миллион донага кам дегани.

Энг оммабоп модел

Айниқса, HP компаниясининг HP Spectre x360 гибрид ноутбуки яхши сотилмоқда. Гаджет 13 дюймли Full HD экранга эга. Экранни бармоқ билан бошқариш мумкин. Қурилма ихчам корпус ва замонавий дизайнда ишланган. Қалинлиги бор-йўғи 13,8 мм, оғирлиги эса 1,3 килограмм. Автоном ишлаш вақти 15 соатни ташкил этади.

HP Spectre x360 еттинчи авлоддаги Intel Core i5 ва Core i7 процессорларида (Kaby Lake технологиясида) ишлайди. Гаджетга 16 ГБгача бўлган тезкор хотира ва 1 ТБгача SSD ўрнатса бўлади. Иккита USB Type-C/Thunderbolt 3 портлари, битта USB 3.0 слоти кўзда тутилган. Ноутбук Windows 10 платформасида ишлайди. Модель 2016 йилнинг ноябрида $1049 нархида сотувга чиққан.

Ниҳоят, MacBook Pro моделлари эвазига Apple ҳам рейтингда кўзга кўриниб қолди. Apple 2017 йилнинг июл, август ва сентябр ойларининг ўзида 4,43 миллион дона MacBook сотишга муваффақ бўлган. Бу эса 2017 йилнинг иккинчи чораги билан солиштирганда 11% га кўп дегани. Экспертларнинг изоҳ беришларича, бу янги ўқув йилининг бошланиши билан боғлиқ. Боиси, ўқув муассасалари ва талаба-ёшлар асосан "Олма" лаптопларини маъқул кўришади. Айниқса, 12- дюймли MacBook ҳамда MacBook Pro'нинг барча талқинлари яхши сотилмоқда.

ЎқингApple Intel’нинг кучли чипига эга MacBook’ларни тақдим қилди

MacBook Pro'нинг 2017 йилги моделлари Kaby Lake процессорлари ва нисбатан илғор график чипларга эга бўлгани ҳам савдони яхшилаган. Apple'нинг ноутбук бозорида сўнгги чоракдаги улуши 10,4% ни ташкил қилади ва бу билан америкалик гигант ASUS ва Acer каби "устаси фаранг" ноутбуксозларни ортда қолдиришга эришган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.