Жек Ма келажакда бой бўлиш учун қайси кўникма кераклигини айтди

Жек Ма келажакда бой бўлиш учун қайси кўникма кераклигини айтди

Жек Ма, Хитой ва жаҳоннинг энг йирик электрон тижорат платформаси бўлмиш Alibaba асосчиси, Хитойнинг энг бой кишиси.

Жек Манинг фикрича, кейинги 30 йил ичида сунъий ақл инсон тафаккурига хос барча билимларни ўзлаштириб олади. Бу эса ишсизликнинг авж олишига сабаб бўлади. Миллиардернинг фикрича, бу даврда одамларнинг кунлик меҳнат вақти ўртача 4 соатни ташкил қилади.

"Янги тўлқин яқинлашмоқда. Бу тўлқин қўлимиздаги ишимизни осонлик билан тортиб олади. Бу тўлқиндан омон қолганлар эса бойиб кетадилар ва муваффақият қозонадилар. Бунда омон қолиш учун унинг бир бўлагига айланиш лозим," дейди Жек Ма.

"Янги технологик даврда ахборот энг қиммат хомашёга айланади, ахборотни қайта ишлаш ҳамда таҳлил қила оладиган, статистик тизимларни ярата оладиган мутахассислар замоннинг энг бой мутахассислари бўлишади".

"Биз аста-секин ахборот даврига қадам қўймоқдамиз. Жаҳон борлигича ахборот манбаига айланмоқда. Бу ахборотни қайта ишлаш ва сотиш мумкин. Хусусан, чинакам ахборот даври айни пайтда ривожланаётган "буюмлар интернети" ва сунъий ақл тизимларининг омихталашуви билан бошланади. Ахборот ва сунъий ақл яқин келажакда инсон ҳаёти учун муҳим омилга айланади".

Alibaba компанияси ўз тизимида сунъий ақл ва таҳлил тизимидан унумли фойдаланади. Мисол учун, сиз бу платформага кириб, бирор маҳсулот қидирсангиз, шундан сўнг Alibaba сизни тинч қўймайди. Сизга хилма-хил маҳсулотларни турли тармоқлар ёрдамида таклиф қилаверади. Боиси, бу тизимда сиз тўғрингиздаги етарли ахборот шакллантирилган.

Жек Манинг фикрича, кейинги авлоднинг ҳар бир вакили ёшлигиданоқ ахборотни таҳлил қилиш ва тизимлаштириш, сунъий ақл тизимларини самарали қўллаш ва бу каби ақлли тизимларини ишлаб чиқиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Бу уларнинг ҳаётда муваффақият қозониши учун пойдевор бўлади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.