«ЖОНЛИ» ВИДЕО: Xiaomi раҳбари «хитойча iPhone X» – Mi MIX 2S’нинг барча техник жиҳатларини тақдимотдан аввал ошкор этди!

  •   DiMaX
  •  1515
  •  26.03.2018 17:04

«ЖОНЛИ» ВИДЕО: Xiaomi раҳбари «хитойча iPhone X» – Mi MIX 2S’нинг барча техник жиҳатларини тақдимотдан аввал ошкор этди!

«Хитойча Apple» ўзининг узоқ кутилган смартфонининг намойишини 27 март куни Шанхайда бўлиб ўтадиган анжуманга режалаштирганидан хабардормиз. Аммо компания раҳбари Лэй Цзюнь сабр қилиб туролмадими, ё мухлисларни янада қизиқтиришга ҳаракат қилдими – ишқилиб, тақдимотдан бир кунгина олдин Mi MIX 2S моделининг барча техник хусусиятларини айтиб қўйди.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi Mix 2S ҳақида янги маълумотларни ошкор этди (+видеолар)

Маълум бўлишича, Xiaomi Mi MIX 2S смартфони диагоналига 5,99 дюймлик, томонлари ўзаро 18:9 нисбатли экранга эга. Унинг пикселлар зичлиги эса Full HD+ форматида, яъни дисплейи 2160х1080 пикселли.

Бу қурилма ҳозирда энг илғор бўлиб турган Qualcomm Snapdragon 845 процессори базасида ишлайди. Мазкур чипсет 2,8 ГГц такт частотали саккизта ядро ҳамда Adreno 630 график тезлатгичини ўз ичига олган. Юксак самарадорликни таъминлашда унга LPDDR4x турига мансуб, 6/8 гигабайт ҳажмли тезкор хотира ёрдамга келади. Смартфоннинг UFS 2.1 туридаги доимий хотираси эса 128/256 гигабайтли талқинларда бўлади.

Гап асосий камера масаласига келганда, яна кутилмаган ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Чунки янги хабарда Xiaomi Mi MIX 2S қўшалоқ камерага эга бўлиши ва бу 12 мегапикселлик Sony IMX363 модуллари эканлиги айтилаётир. Ҳолбуки, компаниянинг ўзи эълон қилган суратларда бош камера битта модулли бўлиб, унинг тагида эса бармоқ изи сканери жойлашган эди.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi Mix 2S’нинг расмий суратлари у ҳақдаги ёлғонларни фош этди

Шунингдек, инсайдерлар тарқатган қуйидаги «жонли» суратда ҳам флагманнинг худди iPhone X моделидаги каби жойлашган қўш объективли камерага эга эканини кўрамиз:

Шулардан келиб чиқиб, бу моделни энди «хитойча iPhone X» десак ҳам адашмаймиз-ов... Дарвоқе, Mi MIX 2S асосий камераси «сунъий идрок» тизими билан таъминланганлиги ҳам хитойликларнинг яна бир ютуғидир. Смартфоннинг олд камераси эса 5 мегапикселли OV5675 модулига эга бўлиши хабар қилинган. Бу камера девайснинг олд юзида, пастки ўнг бурчакда жойлашган.

Шунингдек, инсайдерлар аллақачон бу смартфоннинг «жонли» видеосини ҳам тарқатишган:

Xiaomi Mi MIX 2S замонавий USB Type-C портига  ва орқа панелда жойлашган бармоқ изи сканерига эга. Унинг 3400 мА/соат сиғимли аккумуляторига эса ҳам Qi стандарти бўйича симсиз қувватлаш, ҳам тезкор қувватлаш технологиялари жорий этилган!

ЎҚИНГ: Xiaomi фанатлари 5 йил кутган хусусият Mi 7’да жорий этилади

Бу қурилма инфрақизил датчик, Wi-Fi 802.11ac (2,4 ГГц + 5 ГГц), Bluetooth 5.0 LE, GPS, A-GPS, ГЛОНАСС, NFC модулларига ҳам эга. Шунингдек, VoLTE овозли алоқани қўллаб-қувватловчи 4G тармоғида ишлаши ҳам Xiaomi’нинг ютуқларидан яна биридир.

Xiaomi Mi Mix 2S оқ ва қора рангли корпуслардагина тақдим этилади. Унга Android 8.1 Oreo асосидаги MIUI 9 прошивкаси ўрнатилган.

Смартфоннинг нархи ҳамда унинг савдога чиқарилиш санаси 27 март куни, Шанхайда бўлиб ўтадиган тақдимот маросимида маълум қилинади. Бу борадаги янгиликлардан биринчилар қаторида бохабар бўлиш учун биздан узоқлашманг.

Компаниянинг аллақачон сотувга чиқарилган кўплаб смартфонлари ва бошқа гаджетлари Ўзбекистон бозорларида ҳам сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Тошкентда Xiaomi смартфонлари ва бошқа гаджетлари нархлари (2018 йил 26 март)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!