«Касперский лабораторияси» янги киберҳужумлар хавфидан огоҳлантирди

  •   DiMaX
  •  952
  •  10.07.2017 11:40

«Касперский лабораторияси» янги киберҳужумлар хавфидан огоҳлантирди

Компаниялар янги киберҳужумларга ҳамда «рақамли» товламачилик ҳолатларига тайёр туришлари лозим. «Касперский лабораторияси»нинг критик инфратузилма хавфсизлиги бизнесини ривожлантириш бўйича директори Андрей Суворов маълум қилди, деб ёзади Riafan.ru.

«Бу каби ҳолатлар ҳали эндигина бошланаётганини назарда тутсак, олдинги товламачи-вируслар ҳужуми ўзига хос синов эканини тушунамиз», – дея маълум қилди мутахассис.

Суворовнинг таъкидлашича, кибержиноятчилар энди банк ҳисоблари ва кредит карталаридан аввалгидек тез-тез маълумот ўғирламай қўйишган. Зеро, уларга IT-технологиялар билан боғлиқ корхоналарнинг фаолиятини киберҳужумлар орқали тўхтатиб қўйиб, уларни блокдан ечиш эвазига ҳақ талаб қилиш осонроқ. Мутахассис шу ўринда, Евгений Касперский тармоқда товламачиликларни амалга ошириш ҳолатлари кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантирганини ҳам эслатиб ўтди.

Хабарингиз борки, 2017 йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида хусусий корхоналар ва давлат ташкилотларининг компьютер тармоқлари WannaCry ва Petya товламачи-вируслари ҳужумларига учради. Инсониятга рекорд миқдорда зарар келтирган WannaCry вируси компьютерни блоклаб қўйиб, блокни ечиш учун фойдаланувчидан тўлов талаб қилади. Маълумотларга кўра, жаҳон бўйлаб бир неча ўн минг компьютер зарарланган, улар орасида Ўзбекистон ҳудудидаги қурилмалар ҳам бор. Кейинчалик мазкур вирусдан хакерлар қанча ишлагани маълум бўлди, Microsoft компанияси эса унинг айбдорини ва ҳимояланиш чорасини айтди, кейинроқ эса киберҳужумлар хавфи туфайли Windows XP ва бошқа эски тизимларини янгилади ҳамда уларнинг ҳимоясидаги «туйнук»ларини ёпди. «Касперский лабораторияси» бўлса, WannaCry вирусини Шимолий Корея яратган, дея гумон қиляпти. Жанубий Кореяни эса мазкур вирусдан Samsung ҳимоя қилмоқчи.

27 июнь куни бошланган Petya.A вируси ҳужуми ҳам катта талафотлар олиб келган, Украина бунда Россия махсус хизматларининг қўли бор, дея гумон қилмоқда. Symantec компанияси эса мазкур вирусдан ҳимояланишнинг оддий ва самарали йўлини топганини маълум қилди.