«Kaspersky Lab» мутахассиси: хакерликнинг нега фойдаси йўқ?

  •   DiMaX
  •  1137
  •  28.09.2017 13:31

«Kaspersky Lab» мутахассиси: хакерликнинг нега фойдаси йўқ?

«Kaspersky Lab» Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича минтақавий офисининг тижорат директори Валерий Зубанов Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) талабалари учун нима сабабдан хакер бўлишнинг фойдасизлиги тўғрисида маъруза ўқиди. Бу ҳақда университет сайти хабар берган.

Маъруза давомида Валерий Зубанов талабаларга кибер жиноятчилар ҳужумининг усуллари ва стратегиялари ҳамда хакерларнинг оддий Интернет фойдаланувчилардан олган маълумотлардан пул топиш усуллари ҳақида маълумот берди. «Kaspersky Lab» вакили йирик ташкилотларга қарши киберҳужумларнинг энг кўп учрайдиган сценарийлари ҳақида сўз юритди.

Иштирокчилар хакерлар тармоқда қандай из қолдирганларини ҳамда бу излар ва бошқа билвосита белгилар орқали уларга қандай чиқиш мумкинлигини муҳокама қилишди. Талабаларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қандай текширув олиб боришлари, безориларнинг шахсини аниқлаш ва қўлга олишлари бўйича мисоллар келтирилди.

Маъруза якунида Валерий Зубанов Марказий Осиёдаги IТ-мутахассисларининг ҳалол йўл билан муваффақиятга эришганликлари тўғрисида сўзлаб берди.

«Kaspersky Lab» мутахассиси маърузадан сўнг мазкур университетда ишга профессионал ёндашилганлигини қайд этди: «Тошкент шаҳридаги Инҳа университети маъмуриятига яна бир бор маърузага жой ва вақт ажратганлиги учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Талабалар баҳс-мунозараларда фаол иштирок этиб, кўплаб қизиқарли саволларга жавоблар олдилар. Аудитория етук ва тайёр бўлса, маъруза ҳам иштиёқ билан ўқилади».

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.