Компьютер ва смартфонлар бузилишининг бош сабаблари

Компьютер ва смартфонлар бузилишининг бош сабаблари

 

Смартфоннинг фаолият кўрсатиш муддати қанча? Бу саволга кўпчилик фойдаланувчилар 2 йил деб жавоб қайтаришади. Аввалги, биз “ғишт” деб айтадиган тугмали оддий мобиль телефонлар узоқ йиллар хизмат қиларди. Аммо, бугун 10 дан зиёд вазифалар юкланган смартфонлар тез ишдан чиқиб қолади. Бунинг сабабли кўп. Мисол учун, операцион тизимни янгилаб бормаслик ҳам смартфоннинг “қотиб” ишлашига сабаб бўлади.

Ахборот технологиялари қурилмаларига эҳтиёж ошгани сайин уларга хизмат кўрсатиш тизими ҳам жадал ривожланмоқда. Замонавий компьютер ва мобиль техникаларнинг энг кўп синиш, ишдан чиқиш ҳолатлари ҳақида маълумот бериш учун биз турли хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти билан яқиндан танишиб, қуйидаги фойдали материални диққатингизга ҳавола қиляпмиз.

Персонал компьютерлар билан боғлиқ энг кўп учрайдиган носозликлар  

Стол компьютерлари билан энг кўп учрайдиган муаммолар сирасига қуйидаги 2 ҳолатни киритиш мумкин: компьютер умуман ёқилмайди ёки ёқилган тақдирда ҳам операцион тизим юкланмайди. Аксарият хизмат кўрсатиш марказлари усталарининг маълумот беришларича, кўп ҳолатда бу каби носозлик она плата (бош плата)даги электр тўплайдиган конденсаторнинг ёки электр таъминоти блокининг ишдан чиқиши туфайли келиб чиқади.

Бу асосан арзон ва эскириб қолган стол компьютерларида кузатиладиган ҳолат. Замонавий ўрта даражали ва юқори даражали компьютерлар мустаҳкам ва узоққа чидайдиган конденсаторларга эга бўлади.

Виндовс операцион тизимининг юкланмаслиги кўпроқ қаттиқ дискда юзага келадиган носозлик билан боғлиқ. HDD диски заводдан сифатсиз чиқиши боис ёки фойдаланувчининг айби билан ишламай қолиши мумкин.

Мазкур муаммони келтириб чиқарадиган оддий бир мисол: World of Tanks ёки Dota 2 каби компьютер ўйинларида ютқазган фойдаланувчи ғазаб билан стол остидаги процессорни тепади ва қаттиқ диск ишдан чиқади.

Шунингдек, ПК компьютерини ярим йил ёки бир йилда чангдан тозалаб туриш керак. Акс ҳолда, қалин чанг қатлами вентиляторнинг яхши ишлашига тўсқинлик қилади ва яхши совитилмагач, компьютер процессори қизишни бошлайди ва бу унинг электр токи таъминотида носозликларни келтириб чиқаради.

Персонал компьютерни ташқи таъсирлар ҳам ишдан чиқаради. Мисол учун, процессорга сув тегиши. Айниқса, процессор қутисидаги Ethernet ёки тармоқ кабели орқали сувнинг тизимни шикастлаши ҳам кенг тарқалган.

Сервис маркази усталарининг маълумот беришларича, бугунги кунда видео ўйин ўйнашга мўлжалланган, шунингдек профессионал компьютерларни йиғишга буюртма бериш суръати юқори. Мисол учун, Intel Core i7, видеокарта NVIDIA Quadro, кучли қаттиқ диск ва хотирага эга стол компьютерини йиғиш буюртмачига 4 минг АҚШ долларига тушади.

Lenovo-Air-13-Pro-1

Ноутбуклар ёққанда нега ишламайди?

Ноутбукларнинг ишламаслигига ҳам 2 та оммавий сабаб мавжуд: совуқ шароитдан уй шароитига кириш ёки намиқиб қолиш. Авваллари ноутбуклар ажраладиган аккумуляторларга эга бўлар эди ва уй шароитига кирганда аккумуляторни лептопдан олиб, уни қайта қўйиш билан муаммо ҳал бўлган. Аммо бугунги кунда деярли барча ноутбуклар ажралмас аккумуляторларга эга. Айни пайтда замонавий ноутбуклар “Ресет”, яъни тизимни янгилаш тугмаси билан ишлаб чиқарилмоқда ва унинг ёрдамида тизимни бошидан қайта юклаб бу муаммони осон ҳал қилиш мумкин.

Ноутбукларни “касал” қиладиган навбатдаги ҳолат бу – фойдаланувчиларнинг ўз ичимликларини клавиатура устига ағдаришлари. Бу энг кўп кузатилган ҳолат экан. Клавиатурадан оқиб ичкарига йўналган сув ноутбукнинг ички органлари, жумладан бош платани оксидлайди. Яна бир ҳолат – ноутбук устига сутнинг ағдарилиши. Буни кўпроқ болалар яхши уддалашади!

Усталарнинг тавсия этишича, шундай нохуш вазиятларда ноутбукнинг нам теккан қисмини фен ёрдамида қуритиш мақсадга мувофиқ экан. Бунинг учун махсус фенлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Шу билан бирга, ноутбук корпусининг ичи чангга тўлиши ва процессорнинг қизиб кетиши ҳам ноутбукни ишдан чиқаради. Айниқса, лептоп қизиши видеокарта сифатсиз ёки кичик бўлган ҳолатда кучаяди. Яхши видеокарат эса бозорда ўртача 100 АҚШ доллари туради.

Сервис маркази мутахассисларининг фикрича, бундай вазиятда бош платани марказлашган графика тизимига улаб қўйиш бу муаммодан фойдаланувчини халос қилади. Бу иш учун эса усталар 20-25 АҚШ доллари хизмат ҳақи олишади.

Gionee

Смартфон ва планшетларда энг кўп учраётган носозлик муаммолари қайсилар?

Смартфонларни таъмирлаш сервис хизмати усталарининг асосий ишларига айланиб қолган. Марказларнинг ҳар 3 нафар мастерларидан икки нафари айнан шу иш билан машғул. Смартфонлардаги аксарият носозликлар фойдаланувчи айби билан юзага келган: экран ойнасининг синиши, microUSB портининг ишдан чиқарилиши, телефоннинг ёмғирда қолиши.

Телефоннинг ёмғир туфайли намиқишини корпус томидаги наушник портини фонар ёрдамида яхшилаб ёритиб, унда оксидланиш ҳолати бор-йўқлигини текшириш орқали билиш мумкин.

Агар оксидланиш даражаси у қадар юқори бўлмаса, уни устахонада махсус раствор орқали тузатиш мумкин. Аммо усталарнинг айтишича, кўпинча болалар ва уй ҳайвонларининг иштирокидаги ҳодисалар туфайли смартфон оксидланиши кузатилади. Оқибатда қурилма платформаси, яъни процессор, оператив ҳамда доимий хотира тизими алмаштирилади ва бу смартфоннинг ярим нархига тушади.

Бу каби хизмат кўрсатиш марказида ишлаш учун нима талаб қилинади?

Ҳали ўз ҳаёт йўлини танламаганлар бўлса, айтишимиз мумкинки, компьютер ва мобиль техникаларга хизмат кўрсатиш марказида ишлаш айни пайтдаги сердаромад касблардан бири. Бу ерда ишлаш учун “Word, Excel, Интернет”ни билишнинг ўзи кифоя эмас.  Бу касбда қурилмаларнинг ҳам дастурий, ҳам аппарат таъминот қисмларини билиш, ҳеч бўлмаганда қурилмани чангдан тозалашни ҳам маҳорат билан билиш лозим. Шунингдек, смартфон/планшетларни прошивка қилиш, касбда ўсиш учун қалайлашни уддалаш талаб этилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!